“Абу Али ибн Сино – тиббиёт жавоҳири”
Самарқанд давлат тиббиёт университетида Абу Али ибн Сино таваллудининг 1044 йиллигига бағишланган III халқ табобати бўйича халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Жаҳон тиббиётига улкан ҳисса қўшган буюк бобокалонимиз меросини ўрганиш ва кенг татбиқ қилишга қаратилган анжуманда юртимиз ҳамда Корея, Ҳиндистон, Эрон, Туркия, Австрия, Россия каби 12 та мамлакатдан элликдан ортиқ мутахассислар иштирок этди.
Анжуман доирасида хорижлик мутахассислар томонидан маҳорат дарслари, амалий кўникмалар намойиш этилди.
Шунингдек, “Абу Али ибн Сино таълимоти ва ҳадисларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантиришдаги ўрни”, “Ибн Синонинг анъанавий тиббиёт ғоясини Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига жорий этиш”, “Халқ табобатида доривор ўсимликларни стандартлаштиришнинг долзарб масалалари”, “Туркия доривор ўсимликлари ҳақида маълумот”, “Анъанавий тиббиётнинг яхлит асослари” ва бошқа бир қатор долзарб масалалар юзасидан маърузалар қилиниб, фикр- мулоҳазалар тингланди.
Илмий-амалий анжуман доирасида бир қатор келишувларга ҳам эришилди. Жумладан, Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳамда Жанубий Кореянинг “Комста” компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик масалаларига бағишланган меморандум имзоланди.
Ташкил этилган мазкур анжуман улуғ бобокалонимиз Абу Али ибн Синонинг жаҳон табобатига қўшган улкан ҳиссасини эътироф этиш, унинг бой илмий меросини ўрганиш ва ёш авлодга ўргатиш, тиббиётда илгари сурган ғояларни мамлакатимиз ва жаҳон тиббиёти амалиётига жорий этиш мақсад қилинган.