Самарқандда такрорий экиндан қарийб 1,5 миллион тонна ҳосил олиш кўзда тутиляпти
Вилоят ғаллакорлари бу йил 90,4 минг гектар майдонда эл ризқи етиштирдилар. Айни кунларда далаларда ғалла ҳосилини йиғиштириб олиш ишлари якунига етмоқда. Эндиги вазифа бўшаган майдонларга такрорий экин экишдир.
- Ғалла ва эртаги экинлардан бўшаган 90,4 минг гектар майдонда сабзавот, картошка, дуккакли ва озуқа экинлари экиш режалаштирилган, - дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Самад Саидов. – Жумладан, кластер ва фермер хўжаликлари ўз эҳтиёжи учун 47 минг гектар, фермер хўжаликлари аъзолари учун 32 минг гектар, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да рўйхатда турган фуқароларга 11,2 минг гектар майдон такрорий экинлар экиш учун ажратиб берилди. Ҳозиргача 80 фоизга яқин майдонда такрорий экинлар экиб бўлинди.
Бу йил деҳқончилик учун жуда қулай йил бўляпти, асосийси, сув бор. Демакки, деҳқонларимиз экинларни меъёрида суғориб, кутилган ҳосилни олишлари мумкин.
Дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, такрорий экиндан вилоят бўйича 1 миллион 483 минг тонна ҳосил олиниши кутилмоқда. Унинг 325 минг 987 тоннаси ички бозорга, 82 минг 292 тоннаси экспортга ва 70 минг 595 тоннаси уруғлик ва захирага жамғарилади. Ҳосилни харид қилиш, қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш бўйича корхоналар билан келишувлар амалга оширилди, сақлаш омборхоналари ва қайта ишлаш корхоналари мавсумга шай ҳолатга келтирилди.
Маҳсулотнинг харидори тайин
Оқдарё туманида жорий йилда ғалладан 9609 гектар ва эртаги экинлардан 38 гектар майдон бўшади. Туман деҳқон ва фермерлари ушбу ерларга тўлиқлигича такрорий экин экмоқда.
- Ушбу майдонларнинг 5203 гектари кластер ва фермер хўжаликлари хтиёрида қолган бўлса, 3367 гектари фермер хўжаликлари ишчиларига, 1076 гектари ижтимоий дафтарларда турган фуқароларга берилди, - дейди туман қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғи в.б. Воҳидхон Муродов. – 210 гектар ерда сабзавот, 450 гектарда картошка, 4904 гектарда дуккакли ва 4083 гектарда озуқа экинлари экилмоқда. Кузда ушбу майдонлардан 4250 тонна сабзавот, 9 минг тонна картошка, қарийб 7,5 минг тонна дуккакли дон ҳосили олиниши кутилмоқда. Сабзавот ва картошка ҳосили асосан ички бозорга йўналтирилса, дуккакли маҳсулотнинг 90 фоиздан ортиғи экспорт қилинади. Бунинг учун туманимиздаги “Pichokchi dry fruits”, “Usman Afroil”, “Meganut food dried fruits import-exsport trading Ltd”, “Hakan agro invest” va “Raisins port Samarkand” МЧЖ каби экспортёр корхоналар билан шартномалар тузилган. Улар томонидан эртаги экинлар ҳосилидан ҳозирги кунда 215 тоннадан ортиқ маҳсулот экспортга тайёр ҳолда сақланмоқда.
Туманнинг Амир Темур массивида 431 гектар ғалладан бўшаган майдонда такрорий экин экилмоқда. Ҳозирда ҳудуднинг аксарият қисмида экин экилаётган бўлса, бошқа далаларда ер тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
- Хўжалигимизнинг сувли ва ғалладан бўшаган 10 гектар ер майдонига такрорий экин экяпмиз, - дейди «Парда бобо чорва омад» фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Аюбжон Пардаев. – Ишчилар билан биргаликда 6 гектарга дуккакли экинлар экдик ва харид қилиш борасида “Pichokchi dry fruits” МЧЖ билан шартнома туздик. Қолган 4 гектарни маҳалламиздаги вақтинча ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга ажратдик.
Маҳалламизда кўп оилалар салат тайёрлаш билан шуғулланади. Шу боис ер олган ёшлар асосан сабзи экиб, салат тайёрлаб сотишни мақсад қилган. Шу маҳалладаги Суҳроб Темиров мактабни битиргач, 2-3 йилдан буён пул топиш учун турли ишларда ишлаб кўрди. Оиласининг ягона боқувчиси бўлган Суҳроб онасининг маслаҳати билан эрта баҳорда ёшлар бандлигини таъминлаш учун ажратилаётган ер майдонидан олиш учун ариза топширганди. Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 апрелдаги «Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида маҳалла еттилиги тавсияси билан унга 47 сотих ер ажратилди.
- Баҳорда картошка экдим ва яқинда 12-15 тоннача ҳосил олдим, - дейди С.Темиров. – Ҳосилнинг бир қисмини сотиб, оиламизнинг камчиликларига ишлатдим, уруғлик олдим. Такрорий экинга ловия экдим. Чунки ҳосили яхши, харидори тайин. Ажратилган ер майдони биринчи йилдан турмушимизни яхшилашга хизмат қилмоқда.Авваллари устачилик ёки бошқа иш қидириб узоқроққа кетганимда онам хавотирланиб ўтирарди, энди барчамиз ўз еримизда оиламиз фаровонлиги учун меҳнат қиляпмиз. Ҳозирги ҳисоб-китобларим бўйича икки экиндан ўртача 60-65 миллион сўм даромад олиш мумкин экан.
Ер ажратилиши ишсиз ёшлар учун имконият бўлди
Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2022 йил 10 сентябрдаги «Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларига асосан, вилоятда деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун 16159 гектар ер майдони “E-auksion” савдо платформаси орқали танловга чиқарилиб, 16,2 минг гектар ер майдони 55 минг фуқарога ажратилганди.
Вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси маълумотларига кўра, 2023 йилда аҳолига 7,5 минг гектар ер ажратилиб, 18,4 минг нафар фуқаро деҳқон хўжалиги ташкил этган.
2024 йилда 8,3 минг гектар ермайдони ажратилиб, 15,3 минг деҳқон хўжалиги ташкил этилди ва 30 мингта янги иш ўрни яратилган.
- Президентимизнинг 2024 йил 18 январдаги «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинганди, - дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси шуъба бошлиғи Тоҳир Дувланов. – Мазкур фармонга асосан, ҳар бир тумандан 100 гектардан вилоят бўйича 1,3 минг гектар ер захирага олиниб, “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали бир фуқарога бир гектардан ажратилди ва деҳқон хўжаликлари ташкил этилди. Ушбу майдонларда «Бир маҳалла - бир маҳсулот» тамойили асосида экспортбоп ҳамда серҳосил қишлоқ хўжалиги экинлари экилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг шу йил 5 апрелдаги «Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, 7 минг гектар ер майдони ижтимоий дафтарларга киритилган фуқароларга маҳалла еттилигининг хулосасига асосан “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали ажратилди. Бу вилоятимиздаги 17 мингдан ортиқ ёшнинг даромадини ошириш ва бандлигини таъминлашга хизмат қилади. Ушбу ер майдонларида 135 минг тонна маҳсулот етиштирилиши кутилмоқда.
Биргина Оқдарё туманида 764 гектар майдонда ташкил этилган деҳқон хўжаликлари сони 2957 тага етди. Улар томонидан 1150 тонна қўшимча маҳсулот етиштирилиши кутилмоқда.
Ўктам Худойбердиев.