Bizni kuzating

Самарқандда Умра зиёратига юборишни ваъда қилган шахслар ушланди

Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи оилавий корхона вакили тегишли ваколатга эга бўлмагани ҳолда бир фуқаро ва унинг икки нафар қариндошини Саудия Арабистонига Умра зиёратига юборишни ваъда қилган. Бунинг эвазига у 3 450 АҚШ доллари талаб қилган.
У сўралган пулдан 3 минг долларни олаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунга ўхшаш ҳолат Наманган вилоятида ҳам аниқланган. Наманган туманида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари Учқўрғон туманида яшовчи фуқарони ноқонуний равишда Умра зиёратига юбориш эвазига 1350 АҚШ доллари талаб қилган.
У олдиндан 1200 доллар олаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.