Самарқандлик боксчи қизлар Ўзбекистон кубоги соҳиби

Урганч шаҳрида бокс бўйича ўсмир (U-14-15) ва ёш қизлар (U-16-17) ўртасида Ўзбекистон кубоги баҳслари бўлиб ўтди.

Боксчи қизлар ўртасида бир ҳафта давом этган шиддатли жангларда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан келганлар 15 та вазн тоифасида ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Мусобақада умумжамоа ҳисобида Самарқанд вилояти боксчи қизлар жамоаси 6 та олтин, 1 та кумуш ва 7 бронза медалларини қўлга киритган ҳолда мамлакат кубоги соҳиби бўлди.

***

Вилоятимиз курашчилари Ўзбекистон чемпионатида тўртта медални қўлга киритди

Кураш бўйича ёшлар ( U-17 ўғил ва қиз болалар) ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўиб ўтди. Сирдарёда ўтказилган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 400 нафардан ортиқ курашчилар мамлакат чемпионлиги учун беллашди.

Вакилларимиз мусобақада 2 та олтин ва 2 та бронза медалларини қўлга киритди:
1-ўринни Чингиз Муҳаммадиев (50 кг) , Ҳайдар Ўроқбоев (55 кг), 3-ўринни Рамазон Тошпўлатов (55 кг), Муҳаммадамин Қўчқоров (46 кг) қўлга киритди.
Мазкур чемпионат 2025 йил Баҳрайнда ўтказиладиган ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларига муносиб номзодларни саралаб олиш имконини берди.

“Универсиада-2024” ғолиблари аниқланди
Самарқанд шаҳрида олий таълим муассасалари талабаларининг “Универсиада-2024” спорт мусобақаларининг шахмат ва шашка турлари бўйича финал босқичи якунланди.

Натижаларга кўра, шашка бўйича қизлар ўртасида сирдарёлик Малика Нодирқулова, ўғил болалар ўртасидаги баҳсда Тошкент шаҳридан Ўрмоналиев Озодбек биринчи ўринни эгаллади.
Шахмат бўйича қизлар ва йигитлар баҳсида тошкентлик Мафтуна Бобомуродова ҳамда Даврон Шариповга тенг келадигани топилмади.

***

Баскeтбол ва волейбол бўйича вилоят биринчилигида кучлилар ғолиб бўлди
2012-2013 йилларда туғилган ўғил-қизлар ўртасида спортнинг баскетбол тури бўйича вилоят биринчилиги ўтказилди.
Самарқанд шаҳридаги Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабида ташкил этилган мусобақада туман (шаҳар)лардан 24 жамоадан иборат 300 нафарга яқин ёшлар ғолиблик учун беллашди.

Мусобақада умумжамоа ҳисобида Самарқанд шаҳар ёшлари ғолибликни қўлга киритди.
Оқдарё туман спорт мактабида эса 2009-2011 йилларда туғилган ўғил-қизлар ўртасида волейбол бўйича мусобақалар бўлиб ўтди.
Унда 25 жамоадан иборат 330 нафар иштирокчи вилоят биринчилиги учун баҳс олиб борди. Мусобақа натижасига кўра, ўғил болалар ўртасида булунғурлик ёшлар, қизлар ўртасида нурободлик ёшлар жамоаси ғолиб бўлди.

***

“Прокурор кубоги”: Каттақўрғон шаҳар жамоаси эркин кураш бўйича очиқ турнир ғолиби
Спортнинг эркин кураш тури бўйича ўсмирлар ўртасида “Прокурор кубоги” очиқ турнири бўлиб ўтди. Каттақўргон шаҳри мезмоблик қилган мусобақада Каттақўрғон ва Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон, Тойлоқ тумани ҳамда Навоий ва Хоразм вилоятидан спортчи ўсмирлар иштирок этди.
Мусобақа якунига кўра, жамоавий ҳисобда фахрли 1-ўринни Каттақўрғон шаҳар жамоаси қўлга киритди.

Бекзод АҲМЕДОВ.