Самарқандлик журналистлар меҳнати эътироф этилди
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган тадбирлар давом этмоқда. Бугун Самарқанд шаҳрида вилоятимиздаги таҳририятларда меҳнат қилаётган фаол ходимлар, нашриётлар вакиллари, ҳокимлик ва ташкилотларнинг ахборот хизмати ходимлари ҳамда блогерлар жам бўлди.
Дастлаб иштирокчилар “Шарқ юлдузи” кинотеатрига таклиф қилинди. Унда “Ялангтўш Баҳодир” тарихий-бадиий фильми томоша қилинди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этиб, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини байрам билан қутлади. Тўртинчи ҳокимият ҳам жамият, ҳам давлат тараққиётида муҳим бўғини эканлиги, унда меҳнат қилаётганлар ўз касбининг фидойилари ҳисобланиши таъкидланди.
Тадбирда “Самарқанднинг энг фаол журналисти” танлови ғолиблари тақдирланди. Шунингдек, бир гуруҳ соҳа вакилларига вилоят ҳокимлигининг ташаккурномалари топширилди. Қалам аҳли учун концерт ташкил этилди.