Самарқандлик самбочи икки карра жаҳон чемпиони бўлди
Қозоғистон пойтахти Астана шаҳрида самбо бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.
Мусобақада дунёнинг 80 та мамлакатидан 470 нафар спортчи самбо, жанговар самбо ва пара самбо бўйича 31 вазн тоифасида медаллар учун кураш олиб борди.
Мазкур жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 2 та олтин, 7 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритди.
Мусобақада самарқандлик самбочи Илҳом Пармонов 58 килограмм вазн тоифасида жаҳон чемпионлигини тантана қилди. У финалда грузиялик олти карра жаҳон чемпиони Чидрашвили Ваҳтангинидан устун келди.
Бунгача Самарқандда самбо бўйича Шавкат Жўраев (2000 йил Панама ва 2005 йил Астана) ҳамда Давлатжон Ҳамраев (2019 ва 2020 йилларда) жаҳон чемпиони бўлган. Илҳом Пармонов 2018 йилда ўсмирлар ўртасида ҳам жаҳон чемпионлигини қўлга киритган учинчи самарқандлик спортчи. Шунингдек, у 2021 ва 2024 йилларда катталар ўртасида Осиё чемпиони ҳам бўлган.
Илҳом Пармонов 2013 йилдан бери Самарқанд олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази тренер-ўқитувчиси Мирсаъди Шодиев қўл остида шуғулланиб келмокда.
Зоҳир ҲАСАНЗОДА.