Самарқанднинг бешта ҳудудида дзюдо бўлимлари очилади
Вилоятда 2022-2023 ўқув йилидан Каттақўрғон шаҳар, Булунғур, Қўшработ, Нарпай ва Пайариқ туманларидаги спорт муассасаларида дзюдо бўлимлари ташкил этилади. Уларга спорт мактабларидаги малакали тренерлар жалб қилинади.
Бу ҳақда Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 июндаги “Дзюдо спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланди. Шунингдек, қарорга кўра, дзюдони аҳоли ўртасида оммавий спорт турларидан бирига айлантириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизими йўлга қўйилади.
Самарқанд олимпия ва паралимпия захиралари коллежи, спортнинг якка кураш турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби, Самарқанд шаҳридаги 7-умумий ўрта таълим мактаби машғулот олиб бориладиган асосий ва ёрдамчи базаларга айлантирилади.
Қарорга мувофиқ, 2023 йил 1 январдан бошлаб “Болалар учун дзюдо” дастури доирасида боғча ва мактаб ёшидаги болалар ҳам ушбу спорт турига жалб қилинади.