Санаторийларда соғломлаштириш ва дам олиш кўлами ошяпти

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилоят кенгашининг фаолият йўналишларидан бир бўлган ходимларни соғломлаштириш ва дам олишини таъминлаш борасида зарур ишлар амалга ошириляпти.

Жумладан, 2021 йилда 3836 нафар ишловчи ходимлар 9 млрд. 81 млн. 300 минг сўмлик санаторий йўлланмалари асосида соғломлаштирилган бўлса, ишчи-ходимларнинг 1118 нафар оила аъзолари 2 млрд. 753 млн. 826 минг сўмлик санаторий йўлланмалари билан соғломлаштирилди.

Шундан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2021 йил 15 январдаги 2-09 “с” сонли раёсат қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида, фойдаланилган санаторий йўлланмаларнинг 210 таси меҳнат ва уруш фахрийлари, байналминалчи жангчилар, Чернобилчилар, олис ва чекка ҳудудларда яшовчи ёш оила вакиллари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг ишловчи вакилларига бепул берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 9-банди ҳамда Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2020 йил 14 декабрдаги "Халқ таълими тизимидаги муассасаларда меҳнат қилаётган ходимларни санаторийларда соғломлаштириш ишларини ташкил этиш тўғрисида"ги қўшма қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимиздаги 556 нафар ўқитувчи ва мураббий, шунингдек, фарзандларини юртга садоқатли этиб тарбиялаб, вояга етказган, ибратли ва матонатли 30 нафар аёлнинг рўйхати шакллантирилиб, вилоятимиздаги “Абу Али Ибн Сино” санаторийсида бепул соғломлаштирилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 мартдаги «Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2021 йил мавсуми учун болалар ёзги оромгоҳлари ташкил этилиб, 7480 нафар бола соғломлаштирилди.

Юқорида амалга оширилган ишларнинг давоми сифатида жорий йилда ҳам ушбу йўналишда катта режалар белгилаб олганмиз. 2022 йилда вилоятимизнинг 6 мингдан ортиқ ишчи-ходим ва уларнинг оила-аъзоларини имтиёзли равишда соғломлаштириш режалаштирилган. Шунингдек, халқ таълими тизимида фаолият юритаётган 628 нафар ўқитувчи-мураббийларни бепул соғломлаштириш кўзда тутилган.

Жорий йилда ҳам санаторий йўлланмалари билан даволаниш муддати 10-12 кунни ташкил этади. Дам олувчи йўлланма умумий қийматининг 45 фоизини тўлайди ҳамда санаторийда яшаш, овқатланиш ва даволаш муолажаларига қўшимча ҳақ тўланмайди.

Санаторий йўлланмалари касаба уюшма ташкилотлари томонидан қуйидаги тартибда расмийлаштирилиб берилади.

-ариза (бошланғич касаба уюшма қўмитаси номига);

-тиббий маълумотнома;

-паспорт нусхаси;

-меҳнат дафтарчаси нусхаси;

-меҳнат таътили берилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;

-йўлланма қиймати тўлиқ ёки қисман тўлангани тўғрисидаги тўлов қоғози.

Касаба уюшма бюджети маблағлари ҳисобидан ишчи-ходимларнинг оила аъзоларини (ота-она, эр-хотин ва фарзандлари) соғломлаштиришда санаторий йўлланмалари олиш учун (туғилганлик тўғрисида гувоҳнома нусхаси) ва турмуш ўртоғига берилганда (никоҳ гувоҳномаси ва паспорт нусхалари) тақдим қилиниши талаб этилади. Мазкур ҳолатда ходимнинг меҳнат таътилига чиқканлиги тўғрисидаги ҳужжат талаб этилмайди.

Ишчи ва хизматчилар касаба уюшма ёки ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан йўлланма олишидан қатъий назар, унга икки йилда бир маротаба берилиши белгилаб қўйилган.

Зариф Жозилов,

вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг ижтимоий суғурта бўлими мудири.