“Сангардак” мўъжизаси
Денгиз сатҳидан 1500 метр баландликда жойлашган ва “Марказий Осиё Ниагараси” номини олган Сангардак шаршараси яқинида жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий санатория қурилди.
Юртимизда инсон манфаатларини таъминлаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш, саломатлигини тиклаш ва дам олиши учун кенг имкониятлар яратиш, умуман, ҳаётдан рози бўлиб яшашига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада айниқса нуфузи ва салоҳияти кун сайин ошиб бораётган касаба уюшмаларининг роли беқиёс.
Хусусан, кейинги йилларда федерация томонидан янги соғломлаштириш ва дам олиш масканлари, болалар оромгоҳлари барпо этимоқда, тизимдаги санаторийлар моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда. Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги Сангардак маҳалласида, юртимизнинг энг баланд нуқталаридан бири бўлган Ҳисор тоғ тизмаси ёнбағрида қурилиб, ишга туширилган «Сангардак» санаторийси бунга яққол мисол бўла олади.
Сентябрь ойининг бошларида қўл телефонимда устма-уст қўнғироқ бўлиб қолди.
– Ассалому алайкум, сиз ургутлик биринчи даражали "Меҳнат фахрийси" Матлаб акамисиз? - деган нотаниш овоз эшитилди.
– Ва алайкум ассалом, ҳа, менман, – дея жавоб қайтардим.
– Самарқанд вилоят касаба уюшмалари кенгашидан қўнғироқ қиляпмиз. 16 сентябрь куни Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига қарашли янги санаториянинг тантанали очилиш маросими бўлади. Сизни меҳнат фахрийси сифатида ушбу тадбирда иштирок этишга таклиф этамиз. Махсус йўловчи поездга сафар учун чипта буюртмаси берилган. Янги сиҳатгоҳнинг биринчи дам олувчилари бўласизлар. 15 сентябрь куни кеч соат 20.00 дан кечикмай Самарқанд темирйўл вокзалига етиб келинг, кутамиз, - дейишди.
Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят кенгаши раиси Нормурод Ражабов ва мен айтилган муддатда Самарқанд темирйўл вокзалига етиб бордик. Бизни у ерда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилояти кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов қарши олди ва бизларга ҳамроҳлик қилишини айтди.
Орадан кўп вақт ўтмай перронга “Тошкент-Денов-Тошкент” махсус йўловчи поезди келиб тўхтади. Нима учун “махсус” поезд эканлигини вагонларга чиққан заҳотимиз билиб олдик. Йўлакларга янги гилам пояндозлар тўшалган, дераза ойналарига 2 хил рангда ҳарир пардалар тортилган, ўриндиқлардаги кўрпачалар яп-янги, вагон хизматчилари хизматга бел боғлаб туришибди. Бунақасини илгари кўрмаган эдик.
Поездимиз ҳаракатланиши билан ҳаммамизга кечки овқат тортилди. Поездимиз шитоб билан олға борарди. Бироз суҳбатлашиб, кейин мизғиб олдик. Алплар юртининг Қўрғонтепа, Шўрчи туманлари ҳудудидан ўтаётганимизда тонг отди. Манзилга етар- етмасимиздан эрталабки нонушта улашилди. Соат 8.30 да Денов темирйўл вокзалига етиб бордик.
Темирйўл бекатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти, масъул ҳодимлари, ҳукумат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, элимиз севган шоир-у адиблар, санъаткорлардан иборат делегациямизни сурхондарёликлар карнай-сурнай садолари остида кутиб олишди. Сўнгра замонавий автобусларга чиқиб Сариосиё тумани сари йўл олдик. Текисликда, чамаси 15 километр йўл босганимиздан сўнг автобусларимиз баланд тоғлар оралаб кетган тор, аммо кафтдек текис асфальт йўлда ҳаракатланишни давом эттирди. 25-30 километрлар юрганимиздан сўнг шарқираб оқаётган Сангардак сойининг чап соҳилида 150-200 метр баландликда олмосдек ярақлаган осмонўпар бино кўзга ташланди. Бу – замонавий усулда қурилган “Сангардак” санаторияси биноси эди.
Сангардакнинг маъноси нима? У нимани англатади? Шу ерлик аҳолининг айтишича, “Сангардак” форс-тожикча сўз бўлиб “айланаси тоғ” деган маънони англатаркан. Бу қишлоқ аҳолисининг ярмини ўзбеклар ва тенг ярмини тожиклар ташкил этаркан. Улар бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшайдилар.
Санатория тоғлар бағрида қурилган бўлиб, баланд қоялар билан деярли тенглашиб турибди. Автобусдан тушишимиз билан бизларни Сурхон элининг бебаҳо санъат дарғалари бўлган бахшилар, бойсунлик таниқли санъаткорлар куй-қўшиқлар, жозибали рақслар билан қарши олишди.
Шундан сўнг янги сиҳатгоҳнинг тантанали очилиш маросимига тўпландик. Тадбирни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов очиб бераркан, бу иншоот Президентимизнинг халқчил инсонпарварлик ғояси – “Инсон қадри учун!” тамойилининг амалий ифодаси бўлганлигини алоҳида таъкидлади.
– Чунки, ҳурматли юртбошимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йилда Сурхондарёга ташрифи чоғида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига Сариосиё туманидаги денгиз сатҳидан 1500 метр баландликда жойлашган ва “Марказий Осиё Ниагараси” номини олган Сангардак шаршараси яқинида жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий санатория қуриш ташаббусини билдирган эдилар, – деди Қ.Рафиқов. – Бу бинони қуришга азми қарор қилган ва қисқа муддатларда қуриб битказган федерациямизнинг капитал қурилиш бошқармасига қарашли “Касаба лойиҳа” ҳамда “Касаба қурилиш” корхоналари қурувчиларига тасанно. Бундай йирик ва салобатли бинони қуришнинг ўзи бўлмайди албатта. Бу – ҳақиқий мўъжиза.
Тадбирда сўзга чиққан бошқалар ҳам тоғлар билан бўйлашиб турган бу иншоот Сангардакнинг ҳақиқий мўъжизаси бўлганлигини таъкидладилар. Бу ерга ташриф буюрган меҳмонларнинг эътирофу самимий дил сўзларидан сўнг “Сангардак санаторияси” МЧЖ директорига сиҳатгоҳнинг рамзий калити ва енгил автомобиль топширилди. Сўнгра эшик олдидаги алвон лента қирқилиб, тўпланганлар янги санатория билан яқиндан танишдилар.
Пойтахтдан келган меҳмонлар қаторида ҳамкасбимиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдусаид Кўчимов ҳам бор эди ва у биз жойлашган хонани кириб кўрди.
– Ўҳ-ҳў, жуда қулай ва кўркам экан-ку бу хоналар, – деди Абдусаид ака. – Беш юлдузли меҳмонхоналардан қолишмайди. Бу Янги Ўзбекистоннинг қудрати, юртимизда инсон қадрининг қанчалик баландлиги тимсоли. Яхши биласизлар, илгари, собиқ иттифоқ даврида Қрим, Севастополь сингари курорт шаҳарларда Ўзбекистоннинг санаториялари бўларди. Лекин бу санаторияларга ҳам йўлланма олиш осон эмас эди. Асосан, раҳбарлар борарди. Аммо ўша машҳур жойларда ҳам бундай шароит йўқ эди. Мана энди қаранг, юртимизнинг олис бир ҳудудида, тоғлар орасида шундай кўркам дам олиш маскани бунёд этилибди. Ҳавосининг мусаффолиги, табиатининг гўзаллигини таърифлашга тил ожиз. Чиндан ҳам юртимиз жаннатмонанд. Илоҳим, кўз тегмасин!
Юртимизнинг турли ҳудудларидан келган 200 нафардан ортиқ фахрийлар, ижодкорлар ва фаоллар 10 кун янги сиҳатгоҳнинг илк дам олувчилари сифатида Сангардак мўъжизасидан баҳраманд бўлдик.
Дам олиш ва даволаниш маскани ташхислаш ва даволашга хизмат қилувчи энг сўнгги русумдаги 27 турдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар, юқори сифатли қаттиқ ва юмшоқ мебеллар билан таъминланган. Дам олувчилар физиотерапия ва сув, балчиқ, парафин билан даволаш бўлимлари, туз ғори, жисмоний тарбия, ёпиқ сузиш ҳавзаси, турк ҳаммоми хизматларидан фойдаланадилар.
Санатория тоғ иқлими ва табиатининг шифобахш хусусиятларига кўра юқори нафас йўллари, аллергия, астма, юрак қон-томир ҳамда ҳаракат таянч тизими касалликларини даволашга ихтисослашган.
– Санаториямиз тизимдаги сиҳатгоҳлар ичида энг баланд ва кўп қаватли бино ҳисобланади, – дейди “Сангардак санаторияси” МЧЖ директори З.Муҳаммадиев. – Биринчи қаватда қабул ва бошқарув бўлимлари жойлашган. 2-7 қаватларда барча қулайликларга эга ётоқхоналар мавжуд. Мажмуа 250 ўринга мўлжалланган. Бу ерда йилига 6,5 мингдан зиёд фуқаро ўз соғлигини тиклаш имкониятига эга бўлади. Санаториямиз ишга тушиши муносабати билан 150 дан ортиқ ишчи ўринлари яратилди. 10 нафар олий тоифали врач, 26 нафар ҳамшира, 20 нафар кичик тиббий ходим дам олувчилар ва даволанувчиларга хизмат кўрсатади.
Ана шу сиҳатгоҳнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этганлигимиз ва унинг илк имтиёзли дам олувчиларда бўлганимиздан беҳад хурсандмиз. Бу биз, меҳнат фахрийлари ва кексаларга эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир. Ишонамизки, “Сангардак” юртдошларимизнинг севимли масканига айланади ва узоқ йиллар халқимизга хизмат қилади.
Биз дам олишимиз мобайнида воҳанинг диққатга сазовор жойларини, жумладан, машҳур Сангардак шаршарасини, "Тўпаланг" сув омборини бориб кўрдик. Янгиланаётган юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўриб, ҳайратландик, қалбимизда давлатимиздан миннатдорлик ҳисларини туйдик.
Матлаб Ҳасанов,
Нормурод Бозоров,
самарқандлик меҳнат фахрийлари.