“Рақамли маҳалла”: Маҳаллаларда ягона ахборот тизими йўлга қўйилмоқда

Рақамлаштириш ҳаётимизга шу қадар сингиб кетдики, давлат хизматларидан фойдаланиш, кредит олиш, ташкилотларга мурожаат қилиш, маҳсулот буюртма бериш ва бошқа кўплаб ишларни уйдан чиқмасдан амалга оширяпмиз. Энди бу тизим маҳаллаларда ҳам кенг қўлланилади.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан яқинда маҳалла фаолиятига боғлиқ барча механизмларни ўзида жамлаган ягона тизим — “Рақамли маҳалла” платформаси жорий этилди.

Энди маҳаллада юритилаётган ҳисоботлар ва ҳужжатлар тўлиқ рақамлаштирилиб, “Маҳалла еттилиги” фаолияти тартибга солинмоқда. Шу билан бирга, фуқаролар маълумотлари, улардан тушаётган мурожаатлар ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар ҳам ушбу платформа орқали рақамлаштирилмоқда.

“Рақамли маҳалла” платформаси “Unicon Soft” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган. Айни пайтда платформадан фойдаланиш, уни назорат қилиш ҳамда фуқаролар ўртасида рақамли ёндашувни тарғиб қилиш мақсадида республика бўйлаб, жумладан Самарқандда ҳам “Маҳалла еттилиги” аъзолари махсус ўқув дастурлари асосида малакаси оширилмоқда.

Бугунги кунда “Маҳалла еттилиги” вакиллари 20 дан ортиқ турли платформалардан фойдаланяпти. Энди уларнинг барчаси “Рақамли маҳалла” платформасига интеграция қилинади. Ҳозирда ушбу платформа орқали маҳалла баланси, миграция, субсидия, бандлик, маҳалла бюджети ва ижтимоий ёрдамлар бўйича модуллар ишлаб турибди.

Фуқаролар платформа орқали масофадан, яъни уйидан чиқмасдан маҳаллага мурожаат қилиши, ўзига керакли маълумотни олиши ёки бошқа турдаги давлат хизматларидан фойдаланиши мумкин.

Мисол учун, маҳалла инфратузилмаси, ишсизлик, камбағаллик, жиноятчилик, оилавий ажрим, “Яшил макон”, “Обод хонадон”, “Обод кўча”, аҳоли даромадини ошириш каби муаммоларни ҳал қилишга қаратилган “Омбор дафтари” тўлиқ рақамлаштирилиб, муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш мақсадида аҳолининг “еттилик” аъзоларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш тизими ишга туширилган. Айни пайтда фуқаролардан мурожаатлар қабул қилиш тест режимида ишламоқда ва малакаси оширилган 6270 нафардан зиёд “еттилик” аъзолари “Рақамли маҳалла” платформасига уланган.

2026 йилнинг январь ойидан бошлаб аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ҳамда бошқа модулларни ишга тушириш айнан “Рақамли маҳалла” платформаси орқали амалга оширилади. Жараёнда “Маҳалла еттилиги” аъзоларининг билим ва малакалари ошириб борилади ва илова бир нечта платформалар билан интеграция қилинади. Бундан кўзланган мақсад эса тизимлар орасида ахборот алмашинувини таъминлаш ва ягона маълумотлар базасини яратишдир.

Азизбек Шайимов,

“Unicon Soft” МЧЖ Самарқанд филиали директори ўринбосари.