Сиҳат тиласанг – кам е ёки нафсдан қандай сақланиш мумкин?

Янги чақалоқни «умри билан, ризқи билан берсин», вояга етганни эса «насибаси, ризқи бутун бўлсин»,  деб дуо қиламиз. Умуман,  инсон дунёга яхши яшаш учун келади, кўриниши ҳам, турмуши ҳам, соғлиғи ҳам яхши бўлишини истайди.

Минг афсуски, ана шу орзу-истакларга эришишда ўзимизга ўзимиз, аниқроғи нафсимиз халақит беради. То соғлиғимизни йўқотмагунча «…сиҳат тиласанг кам е», деган нақлни эшитгимиз келмайди.

Мисол учун,  Хитойда ҳар 100 минг аҳолидан 36 нафари узоқ умр кўраркан. Улар кунига 7-10 километр пиёда юришади. Қариялари қовурилган овқат ейишмайди. Бизда эса юқмайдиган касалликлар – эндокрин, семизлик, қандли диабет кўпайиб бормоқда. Қон айланиш тизими бузилгач эса бошқа касалликлар ҳам келиб чиқаверади. Буларнинг асосий сабаби нотўғри овқатланиш, ортиқча асабийлашиш ва кам ҳаракатлиликдир.

Бир маҳаллага таъзияга бордик. 27 ёшли йигит оламдан ўтибди. «Кечагина туппа-тузук юрганди, бир кечада юраги тўхтаб қопти»,  дейишди. Суриштирсам, у ресторанда ошпаз экан. Инсон овқат пиширгандан эмас, уни ортиқча тановул қилганидан зарар кўради.

Бразилиянинг «Канизак Изаура» сериалини кўпчилик кўрган. Шунда эр ошпаз хотинга «пишириғинг жуда мазали бўпти, яна озроқ есам майлими?», деб мурожаат қилади. Хотин эса «Йўқ, етади, агар холестерининг кўпайса, поликлиникага бориб жарима тўлайсан» , дейди. Демак у ерда ҳар бир киши биохимик таҳлил учун қон топшириб туради, овқат туфайли холестерин миқдори ошса, жарима ҳам тўлайди.

Соғлом бўлиш учун нафсни тия билиш муҳим. Чунки сут маҳсулотлари, сабзавот, ҳўл мева, балиқ, тухум, товуқ гўшти, озроқ миқдорда ширинлик ва ёғ маҳсулотлари эҳтиёжимизни бемалол қондиради. Агар атрофингиздаги ихчам, чаққон,  хушкайфият кишилар билан суҳбатлашсангиз, улар ана шу қоидага риоя этаётганликларини билиб оласиз. Демак, нафсни жиловлаш ҳар бир киши бемалол бажара оладиган иш. Яна бир ҳақиқатни айтай, инсон ортиқча ёғ ва вазндан қутилган ҳамда жисмоний чиниққан сари унинг ўз нафси билан курашиши енгиллашиб бораверади.

Нигина АББОСОВА,

Самарқанд шаҳар 1-оилавий поликлиника бош врачи.