Сиёсий шарҳ: Ой остидаги уй

Ҳарбий хизматни Қозоғистон Республикасида ўтаганман. Бронетанк дивизиямиз вақт-вақти билан ҳарбий машқ ўтказиш учун чўлда жойлашган полигонга чиқиб турарди. Ана шунда бир қизиқ табиат ҳодисасига гувоҳ бўлганман...
Ёзнинг жазирамасида олис-олислардан кўм-кўк сув тўла кўл намоён бўларди. Унга энди яқин борганимизда, бирдан ғойиб бўлиб қоларди. Бу китобларда ўқиганимиз сароб бўлиб, атмосферадаги ҳарорат ўзгариши билан боғлиқ кўзни алдайдиган оддий физик ҳодиса эди. Буни эслаганимнинг боиси шуки, ҳодиса нафақат табиат, балки жамият ҳаётида ҳам учраб туради. Киши кўзига олисда мавжланиб турган ҳаётбахш сув кўриниб, айни яқинлашган чоғингизда, унинг алдамчи сароб эканлиги маълум бўлиб қолади.
Инсоният ҳам ўз тарихи давомида абадий салтанатлар, минг йиллик империялар, ёхуд коммунизмнинг жаннат боғлари каби "сароб"лар сари интилиб, охири қуруқ қўл билан қолганига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бунда раҳнамо бўлган Искандар, Чингизхон, Сталин, Гитлер ва уларнинг кейинчалик етишиб чиққан шогирдлари сингари жаҳонгирлар ҳам охири нима билан тугаганлари ҳаммага маълум. Тарихни яхши муаллим дейдилар. Аммо одамзод фарзандлари унинг сабоқларини тез унутиб юборади.
Бугун ХХI асрда ҳам кўзга ёлғондан кўринадиган, сохта манзиллар сари интилаётган дарғалар кам эмас. Улар бу йўлда яна миллион-миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритишга тайёр. Чунки бу жангу жадалларда на уларнинг ўзи, на болалари иштирок этмайди, балки ўтган асрнинг бошларида ишчи-деҳқон қизил армиясида бўлганидек, уруш қиймалагичига оддий фуқаролар ташланади. Улар гоҳ дарға учун, гоҳида сохта ғоялар учун, ҳозирги кунларда эса шунчаки, катта пул учун уруш ўчоғига кирмоқда. Буларнинг барчаси юқорида айтганимиздек, катта сароб - дунё эгалигини қўлга киритиш учун қилинмоқда. Бир томондан Россия, Хитой бошчилигидаги Шарқ дарғалари АҚШ ва Европа билан катта рақобатга чоғланмоқда.
Қизиғи шундаки, айнан ана шу мамлакатлар Ғарб мамлакатларининг кўмаги билан оёққа туриб олгани рад қилиб бўлмайдиган тарихий фактлардир. Ўтган аср бошларида Россия халқини очарчиликдан сақлаб қолган Ғарб давлатлари кейинчалик уни индустриялаштиришга ҳам яқиндан ёрдам беришди. Уларнинг кўмагисиз Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозониш сира мумкин бўлмаганлиги аён ҳақиқат. Хитой ҳам Ғарб ва япон технологияларисиз бунчалик даражада ривожланиши мутлақо имконсиз бир иш эди. Қолаверса, Пётр I Европага "дарча" очмаганида, Россия дунё харитасида қолоқ бир ўлка сифатида қолиб кетавериши ҳам мумкин эди. Аммо ноташаккур бу империялар кейинги даврда Ғарб дунёсини ўзи ўргатганидек қилиб кўзини ўймоқда.
Яқинда телевизор орқали Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мажлисидан репортаж олиб берилди. Унда Хитой вакили танқид қилингани учун АҚШ маъмурларига дағдаға қила бошлади, Россия вакили эса Украинага ёрдам тўхтатилмаса, Ғарбнинг “онасини кўзига кўрсатиб қўйиш”ини билдирди. Менинг назаримда, Ғарб мамлакатлари олиб бораётган глобализм сиёсати билан ўзи ўтирган шохни ўзи кесаётган одамга ўхшайди. Бироқ бу борада Ғарб мамлакатлари нақадар нодон бўлиб туюлмасин, стратегик нуқтаи назардан уларнинг қилаётган ишлари охир-оқибат тўғри бўлиб чиқади. Айтайлик, ўтган асрнинг 30-йилларида АҚШ СССРнинг саноатлашувига ёрдам бермаганида, дунё халқлари фашизм устидан ғалаба қила олармиди? Ёки бўлмаса, Хитойга инвестициялар киритилиб, замонавий давлатга айланмаса, "ёвузлик салтанати"га рақобатчи хўжайин ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмасди. Энди уларнинг биргалашиб, Ғарб томарқаси томонга тош отаётганларига келсак, буям рақобатнинг бир кўриниши. Нега десангиз, ҳаёт бор жойда истайсизми, истамайсизми, рақобат бўлади. Рақобат ҳайвонот оламида, ҳатто ўсимликларда ҳам бор. Катта дарахтлар кичикларига соя солиб кўкаргани қўймайди.
Агар иккита одам кимсасиз оролга бориб қолса, бири Робинзонга, иккинчиси Жумавойга айланиб қолади. Шу маънода, бугунги рақобат жаҳон миқёсида давом этмоқда. Дунёни авторитар давлатлар бошқарадими ёки демократик мамлакатларми, деган катта савол жаҳон халқлари боши узра Домокл қиличидай осилиб турибди.
Бундоқ олиб қараганда, улардан қай бири устунлик қилиши унчалик муҳим бўлмаган бир ишдек туюлади. Аммо чуқурроқ ўйлаб қаралса, жамиятлар учун бунинг ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлиги очиқ аён бўлиб қолади. Демократик дунёда эса инсон ҳуқуқлари ва бурчларига устувор даражада эътибор берилади. Авторитар тузумдаги давлатларда кўпроқ давлат манфаатлари устунлик қилади. Шу боис бўлса керак инсон ҳуқуқларининг топталиши нодемократик мамлакатларда кундалик одатий ҳолат ҳисобланади. Айнан шу боисдан ҳам, авторитар бошқарувдаги давлатларда ҳуқуқий нигилизм кенг тарқалган ҳодиса ҳисобланади. Чунки одамлар амал қилинмайдиган қонунларга риоя қилишни ҳам, уларни ўрганишни ҳам истамайди.
Юқорида ёзганимдек, собиқ шўро армиясидаги хизмат менга кўп нарсаларни ўргатди. Аввало, ўша ерда рус тилини ўргандим, чинакам халқлар дўстлиги нима эканлигини кўрдим, билдим. Хорижий радиоовозларни илк бор тингладим. "Бобой" аскарларнинг ВEФ радиоприёмниги бўларди. Офицерлар уй-уйига кетиб бўлгач, улар яширинча "Америка овози", "Би-Би-Си" каби хориж радиоларини эшитардилар. "Бобой"лар армия низомига ҳам унчалик риоя қилишмас, кундалик ҳаётда кўпроқ "дедовшина" деган ярамас тартиб амал қиларди. Хизмат чоғида мен эътибор қилган яна бир ғалатилик шунда эдики, аскарлар орасида қамоқда ўтириб чиққанларнинг обрўси юқорироқ эди. Ўрис болалар орасида деярли барчаси ҳеч бўлмаганда ўн беш суткага ёки гаупвахта (ҳарбий қамоқхона)да ётиб чиққанлиги билан фахрланар ва бу улар учун катта жасорат ҳисобланарди. Мен кейинчалик мушоҳада қилиб кўрганимда шуни билиб олдимки, бу анъана совет давлатининг бошиданоқ амалда бўлган экан.
Тарихдан бизга яхши маълум, шўро давлатини бошқарган дастлабки сиёсий арбобларнинг деярли барчаси Чор Россиясининг турма ва сургунларида ўтириб чиққан одамлар бўлган. Бугунги кунларда ҳам биз бунинг ёрқин исботини кўриб турибмиз. Россия томони халқаро ҳуқуқ меъёрларини менсимасдан, ён-атрофидаги кучсиз қўшни давлатларга қарши қуролли хуруж уюштирмоқда. Уларнинг ҳудудларини куч билан эгаллаб, ўз чегараларига қўшиб олмоқда. Тўғри, бу борада айрим Ғарб давлатлари ҳам қўшниларига нисбатан кўз олайтирмоқда. Масалан, АҚШ президенти Доналд Трампда Мексика ва Канадани Америкага қўшиб олиш нияти борлиги ҳаммани ажаблантирмоқда. Бунда у жиддий гапираяптими ёки кимгадир истеҳзо қилаяптими, билиб бўлмайди.
Нима бўлганда ҳам, дунё янги эврилишлар бўсағасида турибди. 1945-йилдан кейин шаклланган халқаро тартиб қайта кўриб чиқилмоқда. Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларини ўз кўзи билан кўрган авлод ёруғ дунёни тарк этиб, уларнинг ўрнини уруш кўрмаган одамлар эгалламоқда. Минг афсуслар бўлсинки, тинчликпарварлик, тинчликсеварлик масалалари бугунги сиёсат кун тартибидан тушиб, мамлакатлар орасида носамимий муносабатлар пайдо бўлмоқда. Бир пайтлар биргалашиб фашизмга қарши курашган давлатларда фашистик руҳдаги партиялар қайта бош кўтармоқда. Путин ибораси билан айтганда: “Гитлер ўлган бўлса-да, унинг иши давом этмоқда”. Гарчанд, бу гапни у украинларга ёпиштирмоқчи бўлаётган бўлса-да, гап кимга тегишли эканлигини ҳамма тушуниб турибди. Афсусларнинг яна бири шуки, дунёда рўй бераётган ушбу ўзбошимчаликларга ҳеч ким чек қўёлмаяпти. Ҳатто БМТдек нуфузли ташкилот ҳам зўравон давлатлар содир этаётган ўзбошимчаликка қарши курашда ожиз қолмоқда. Шундай бир вазиятда дунёнинг оқсоқол мамлакатлари янги жаҳон тартибини жорий этишга ҳар бири ўзгача йўл билан интилмоқда.
Бугунги дунёнинг реал сиёсий қиёфаси шундайки, жаҳон мамлакатлари икки диаметрал қарама-қарши қутб атрофида айланмоқда. Биринчи қутбда АҚШ бошлиқ эркин дунё мамлакатлари уюшган бўлса, иккинчисининг марказида Хитой, Россия, Эрон сингари йирик давлатлар тўпланмоқда. Владимир Путин орзу қилаётган кўпқутбли дунё балки шудир. Юқорида ёзганимиздек, бу икки томон орасидаги рақобат ХХI аср давомида узоқ чўзиладиган курашга айланиб улгурди. Ҳар икки томон бир-бирини қанчалик инкор қилмасин, улар бугунги глобализм жараёнлари оқимига қарши суза олмайди. Мамлакатлар ва халқлар бир-бири билан ҳамкорликда ҳаракат қилишга мажбур. Уларнинг бирида пайдо бўлган инқироз албатта, иккинчисида кучли акс садо беради. Шу маънода, жаҳон халқларининг олдида турган бугунги долзарб вазифа: турли инқирозлар ва энг аввало, катта-кичик уруш-жанжаларнинг олдини олишдир.
Урушлар тарихига чуқурроқ назар ташласангиз, уларнинг бир қарашда, оддий сабаблар оқибатида бошланиб кетганига гувоҳ бўласиз. 1914 йилда Сараево шаҳрида отилган ўқ Биринчи жаҳон урушига баҳона бўлганди. Аммо унинг тагида катта бир сиёсий сабаблар мавжуд эди. ХIХ аср ўрталарида Буюк Британия, ХХ аср бошларида Япония билан бўлган урушларда мағлуб бўлган Россия ҳам ўша йили жангга қўшилди. Рус подшоси Николай II Германияга қарши уруш эълон қилгач, қанчалик ғалати туюлмасин, рус халқи бу қарорни олқишлар билан кутиб олди. Подшоҳни тезроқ Босфор бўғози билан Тсаритсин (Истанбул)ни ғайридинлардан тозалаб, эгаллаб олишга даъват қилди. Лекин бу уруш нима билан тугаганлиги тарихдан маълум. Уруш оқибатида ҳокимиятни қўлга олган болшевиклар Николай II ни оиласи билан қўшиб, итдек отиб ташладилар.
Биринчи жаҳон уруши натижаларидан аламзада бўлган Адолф Гитлер Иккинчи жаҳон урушини бошлади ва алалоқибат, унинг бошига ҳам рус подшосининг куни тушди. "Совуқ уруш"даги мағлубиятдан норози бўлган замонавий бир подшоҳ 2022-йил 24 февраль куни яна бир йирик урушни бошлаб юборди. Хўш, бу янги муҳораба ёки улар тили билан айтганда, махсус ҳарбий амалиёт қачон ва қандай якун топади? Бугун ушбу савол дунё афкор оммасини қаттиқ ўйлантирмоқда. Чунки уруш талафотлари кундан кунга кўпайиб, астрономик миқдорга етмоқда. Оммавий ахборот воситаларининг хабарига кўра, уч йил ичида берилган қурбонлар сони миллион кишидан ошиб кетган. Шу ўринда қайд этиб ўтиш керакки, ўн йиллик афғон урушида 15 минг шўро аскари қурбон бўлганди. Украина билан кечаётган бугунги жангларда эса ҳар куни минг кишидан ортиқ одам ҳалок бўляпти. Минг-минглаб ёш, навқирон йигитлар майиб-мажруҳ бўлиб қолмоқда.
Бундан буёнги воқеалар оқими Американинг янги сайланган президенти ва унинг атрофидаги сиёсий арбобларига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Доналд Трамп яхши тадбиркор. Бироқ унинг дунё миқёсида кечаётган сиёсий жараёнлар билан қизиқишга унча хуши йўқ. Агар у катта сиёсий ўйин олиб бораётган, жаҳоннинг пихини ёрган сиёсатчилари билан рақобатлаша олмаса, демократик дунёнинг келажаги хавф-хатар остида қолиши тайин. Яна шуниси ҳам борки, АҚШда давлат сиёсатини президентнинг якка ўзи ҳал қилмайди. Бунда конгресс ва сенатнинг ҳам айтар сўзи бўлади. Трамп сайлов олдидаги чиқишларидан бирида ушбу урушга 24 соат ичида чек қўйишга ваъда берганди. Аммо у кейинроқ бу мушкул муаммони ҳал қилиш унчалик осон иш эмаслигини тан олишга мажбур бўлди. Ҳозирги вазият шундайки, ҳар икки томон ҳам урушдан чарчаган. Шу билан бирга, муросага келишга ҳам хоҳиши йўқ. Нима бўлганда ҳам, бу уруш чексиз давом этиши мумкин эмас. Зеро, ой остида ҳеч бир нарса абадий эмас. 2025 йилда бу қирғинбарот жангларга нуқта қўйилиши лозим. Дунё халқларининг ягона орзуси: ой остидаги кичик уй - мовий сайёрамизда ҳамиша тинчлик барқарор бўлсин!
Худойберди Комилов,
сиёсий шарҳловчи.