Соғлом ҳаёт сари янги қадам: Самарқандда 1000 дан ортиқ эҳтиёжманд фуқаро даволаниш билан қамраб олинди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги эзгу ишларга янада кенг йўл очди.
Мазкур қарор ижроси доирасида вилоятимизда ҳам кенг қамровли ишлар бошланди. Хусусан, даволанишга муҳтож болалар, онкогематологик хасталикларга чалинган беморлар ҳамда трансплантацияга эҳтиёжи бор фуқароларни юқори технологик тиббий муолажалар асосида соғломлаштириш чоралари изчил амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш тизими ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимлари ҳамкорлигида шаҳар ва туманларда эҳтиёжманд фуқаролар хатловдан ўтказилди. Натижада жами 1026 нафар фуқарони, жумладан, болалар, онкогематологик касаллар ва трансплантацияга муҳтож аҳолини даволаш режалаштирилди.
Айни кунга қадар даволаниши белгиланган 764 нафар бемор боладан 600 нафарига “Вақф” хайрия жамоат фонди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан тақдим этилган ваучерлар топширилди.
Ҳозирда уларни тегишли шифохоналарга ётқизиш ишлари олиб борилмоқда. Шу пайтгача 6 нафар бола шифохонага жойлаштирилиб, уларнинг 3 нафарида мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилди.
Шунингдек, онкологик касалликларга чалинган 250 нафар бемордан 60 нафарига ваучерлар тарқатилди. Уларнинг 20 нафари даволаниш учун шифохоналарга ётқизилди. Гематологик ва онкогематологик касалликларга чалинган 14 нафар беморнинг барчасига ваучерлар берилган бўлиб, 3 нафари стационар даволанишга қабул қилинди.
Трансплантация амалиётлари бўйича ҳам муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жигар трансплантацияси 1 нафар бола ва 14 нафар катта ёшли беморда, буйрак трансплантацияси эса 5 нафар бола ва 19 нафар катта ёшли беморда ўтказилиши режалаштирилган. Умумий ҳисобда 39 нафар бемор юқори технологик жарроҳлик амалиёти билан қамраб олинади. Ҳозиргача 6 нафар беморга ваучерлар топширилиб, уларни шифохоналарга жойлаштириш ишлари бошланган.
Режалаштирилган мураккаб жарроҳлик ва даволаш ишлари вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда республика ихтисослаштирилган марказларида амалга оширилади.
Энг муҳими, бу эзгу ташаббуслар ортида инсон қадри, меҳр-оқибат ва саховат тамойиллари мужассам. Қурбон ҳайити кунларида юзлаб оилалар қалбига умид ва ишонч кириб бораётгани, беморлар учун соғлом ҳаёт сари янги имкониятлар яратилаётгани мамлакатимизда олиб борилаётган инсонпарвар сиёсатнинг яна бир амалий ифодасидир.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.