Тилнинг ранги саломатлик тўғрисида хабар беради

Тил рангига қараб нафақат танадаги касалликларни аниқласа бўлади, балки яқин кунлар ичида соғлиғингизда рўй бериши мумкин бўлган ўзгаришларни ҳам аниқлашнинг имкони бор. Инсон тилида эндокрин тизимдаги ҳолат тўғрисида мияга хабар берувчи 10000 дан ортиқ рецепторлар мавжуд.

Шифокорлар ҳар куни эрталаб ёки овқат тановул қилгандан сўнг бир соатдан кейин тилингизни кўздан кечиришни маслаҳат берадилар.

Соғлом одамнинг тили ранги, оч пушти ранг аралаш тўйинган пушти рангда бўлади. Айрим ҳолларда тилнинг ичкари қисми тўқроқ пушти рангда бўлиши мумкин.

Тилнинг ранги қуйидаги хасталиклар ҳақида хабар беради:

1. Оқ ранг - тана ҳарорати 37,5 даражадан юқори кўтарилиши, замбуруғли касалликлар белгиси. Тил юмшоқ бўлади ва кўп сўлак йиғилади, тилнинг ранги оқ ва кулранг тусда бўлади.

2. Қизғиш ранг - вируслар ва бактериялар, аллергик таъсирчанлик, шамоллаш белгиси.

3. Кулранг - озиқ-овқатдан заҳарланиш, сўлак кулранг тусга кириши мумкин.

4. Жигар ранг - сил, ортиқча кашандалик.

5. Оч пушти ранг - витамин етишмаслиги, кам қонлик (анемия), кальций ва магний етишмаслиги, фтор мувозанатининг бузилиши.

6. Сариқ ранг - жигар хасталиклари, ҳазм қилиш тизимида ҳазм қилиш суюқлигининг ошиб кетиши.

7. Кўк ранг - буйрак хасталиклари, кимёвий моддалардан заҳарланиш, қон босимининг тушиб кетиши, юрак уришининг секинлашиши.

8. Бинафша ранг - қон томирларидаги тромблар, ошқозон ачишини билдиради.

Ўпкадаги юқумли касалликлар тилга жигар ранг ва сарғиш тус бериши мумкин. Нафас йўллари ва ўпканинг куйиши (ёнғин бўлган ҳолатда), тилнинг ранги тўқ қизил, бинафша рангга яқинроқ тусда бўлади.

Суяк касалликлари – оч пушти ранг, тилнинг қуриши. Шунингдек, тилнинг қуриши қандли диабет хасталигида ҳам кузатилади ва тилнинг ранги сариқ тусда бўлади.

Юқорида кўрсатилган ташхис қўйиш усули аутоиммун касалликлари, ОИТС ва жигар циррози касаликларида қўлланилмайди.

Шу билан бирга қуйидаги ҳолатларда кўрсаткичлар аниқ бўлмайди:

1. Антибиотик қабул қилинганда – даволаш якунланганидан сўнг уч кун.

2. Спиртли ичимлик қабул қилинганда - уч кун.

3. Аччиқ таом тановул қилиш оқибатида тил яллиғланганда – 12 соат.

4. Тилда яралар пайдо бўлганда ва иссиқ таом тановул қилиш оқибатида куйганда – 3-4 сутка.

Бекзод МУСУРМОНОВ таржимаси.