Томорқа тўқчилик ва даромад манбаи

Президентимиз томонидан 2020 йил 8 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида барча фермер, кластер хўжаликлари, деҳқонлар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўз даласида, аҳоли эса томорқасида баҳорги экиш ишларини давом эттириши кераклиги таъкидланди. ”Бу йилги мураккаб шароитни ҳисобга олиб, барча томорқаларда икки-уч марта экин экиш, қўшимча даромад қилиш биринчи даражали вазифа бўлиши лозим” эканлиги айтилди.

Аксарият оилалар бир йилда ердан икки-уч марта ҳосил олади, 8-10 сотихлик томорқасидан йилига 50-100 миллион сўмгача даромад қилаётганлар бор. Томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари расман огоҳлантирилиши, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланилиши маълум қилинди.

Дарҳақиқат, бу йилги пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда аҳолининг томорқадан самарали фойдаланиб, рўзғори учун керакли барча озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириб олиш имконияти мавжуд. Элимизнинг тўқчилиги, бозорларимизнинг ободлиги, даромадимизнинг мўмайлиги ҳам бир томондан томорқадан қандай фойдаланишимизга боғлиқ.

Вилоятимизда томорқадан барака топаётган, миришкор деҳқонлар кўпчиликни ташкил этади. Халқимизнинг ихтиёридаги жами томорқа ер майдонлари 60731 гектардан кўпроқ майдонни ташкил этади. Уста деҳқонларимиз март ойининг бошида кўпчилик эртаги экин-тикин ишларини уддалаб қўйган. Лекин табиат инжиқликлари доимо деҳқонни синовдан ўтказган. Бу йил 8 апрелда ёғиб ўтган қор эрта экилган сабзавот ва мевали дарахтларнинг шаштини қайтарди. Тадбирли деҳқонларимиз совуқ ўтгандан сабзавот ва мевали дарахтларни қўшимча озиқлантириб, касаллик ва зараркунандаларга қарши дорилаб, парваришни ўнглаб олди.

Айрим сабабларга кўра, экиши кечиккан томорқаларда 25 апрелгача бирор қарич ҳам ерни қолдирмай экиб олиш имконияти қўлимизда. Очиқ майдонлардан бир йилда икки-уч марта ҳосилни олиш мумкин. Бугунги кунда эртаги сабзавотлардан турли кўкатлар, эртаги картошка, карам, бодринг, помидор, ширин ва аччиқ қалампир, пиёз, саримсоқ пиёз, сабзи экинлари экилмоқда ва эрта экилганлари парваришланмоқда.

Ёзда эса (15 июндан 15 июлгача) эртаги картошка, карам, бодринг каби экинлардан бўшаган майдонларга яна такрорий экин экиб, кузгача яна бир марта ҳосил олиш имконияти мавжуд. Томорқага тўйимли, оқсилга бой, тупроқни унумдор қиладиган нўхат, ловия, мош, соя ва ерёнғоқдан ҳам экишни унутманг. Ушбу экинлар ҳам рўзғорда йил давомида истеъмол қилинадиган маҳсулот ҳисобланади.

Ўрни келганда, аҳоли томорқаларидан фойдаланишнинг самарадорлигини янада ошириш учун айрим таклифлармиз билан маслаҳатлашишни лозим деб ўйлаймиз. Ушбу таклифни вилоятимизда қишлоқ хўжалиги билан шуғулланадиган раҳбарларимиз ўйлаб кўриб, бирор мақбул йўлини ташкиллаштирса, деҳқоннинг оғирини енгил қилган бўлар эди. Маҳаллалар қошида “Деҳқонга хизмат кўрсатадиган (пуллик хизмат)” ташкилотларини ташкил этиш фурсати келган, деб ҳисоблаймиз. Бу ташкилот деҳқонга қуйидаги кафолатланган, юқори сифатли хизматларни кўрсатиши лозим:

1. Маҳаллалар қошида деҳқон етиштирган мева ва сабзавотларни қабул қилиб оладиган ташкилот ташкил этиш керак. Ҳозирги кунда деҳқоннинг маҳсулотини уйидан анча арзон нархларда олиб кетади ёки олиб борадиган жойи бозор. Бозорда сотиш ҳамиша ҳам муваффақиятли чиқавермайди.

2. Бугунги кунда томорқаларда ишлай оладиган мини (майда) техникаларнинг барча турлари мавжуд. Ушбу ташкилот шу техникаларга эга бўлиб, у билан ишлов беришни ташкиллаштириши керак.

3. Шу ташкилотда ўсимликларнинг касаллик ва ҳашаротларини аниқлайдиган ва унга қарши ишлов берадиган мутахассислардан ташкил топган малакали “отряд” бўлиши лозим.
4. Ушбу ташкилот деҳқон ва томорқа ер эгаларини сифатли уруғлик ва мевали дарахт кўчатлари билан таъминлашга ёрдам бериши зарур.

5. Телевидениеда “Менинг боғим” кўрсатуви бор ва яхши маслаҳатларни бериб бормоқда. Таклифимиз, “Сабзавот ва полиз етиштирадиган уста деҳқон” рукнида биронта телекўрсатув ташкил этиб, деҳқонлар ва мутахассислар маслаҳати ташкил этилса ҳам яхши бўларди. Бу ташкилотни тузиш бир томондан томорқа ер эгаларига жуда катта кўмак бўлса, иккинчи томондан янги иш ўринлари яратилиб, яхши мутахассисларимизнинг бандлиги таъминланади.

Тўхта ХУДОЙНАЗАРОВ,
меҳнат фахрийси.
Мингжигит АБДУРАҲИМОВ,
Самарқанд давлат университети профессори.