Тўйларга қачон рухсат берилади?

- Икки ўғлимни унаштириб қўйганман. Қачон тўй қилишга рухсат берилади? Қўш келин туширамиз, ҳар иккала қудамиз билан келишиб, 22 августга тўй белгилаган эдик. Тўйни белгиланган санада каттароқ қилиб ўтказсак бўладими?

АОКА штабида ўтказилган брифингда бу каби саволларнинг кети узилмади.

Ушбу саволга Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева ойдинлик киритди.

"Мамлакатимизда карантин чекловларини ўрнатиш, муддатини узайтириш ёки бекор қилиш Республика махсус комиссиянинг қарорига боғлиқ. Ваҳоланки, махсус комиссиянинг 2020 йил 26 июлдаги тегишли қарорига асосан, 15 августга қадар тўй, оилавий маросимлар ва бошқа тадбирларни ўтказмаслик бўйича аниқ чекловлар келтириб ўтилган. Мазкур чекловларни бекор қилиш, тўй ва бошқа маросимларга рухсат беришнинг аниқ муддатини ҳамда тўйларда қатнашувчилар сони ҳақидаги қарорни Республика махсус комиссияси юртимиздаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда белгилайди.

Тўйни Республика махсус комиссияси қарори билан рухсат берилгандан сўнг ҳамда ўрнатилган қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда ўтказиш тавсия этилади. Қайд этиш керакки, карантин қоидаларини бузган шахсларга нисбатан ўрнатилган тартибда чора кўрилади".