Трамп АҚШга иммиграцияни чеклади
АҚШ Президенти Дональд Трамп иммиграцияни чеклаш бўйича янги фармонга имзо чекди.
Унга кўра, 60 кун давомида чет эл фуқароларига иммиграция визаси ёки «Green card» берилмайди. Яъни, агар сиз «Green card» ютиб олган бўлсангиз ёки АҚШ фуқароси бўлган қариндошингиз орқали «Green card» олаётган бўлсангиз, 60 кунгача сизга виза берилмайди ва АҚШга кира олмайсиз.
Аллақачон «Green card»и ёки бошқа турдаги визаси борларга бу тақиқ амал қилмайди. Улар виза ёки «Green card» билан АҚШга бемалол киришлари мумкин. Трамп бу қарорни ишини йўқотган америкаликларни ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилганини айтмоқда. Яъни, унга кўра, янги иммигрантлар ҳозирги қийин шароитда АҚШликларнинг ишини олиб қўйиши мумкин.
Хуллас, кўп ваҳималарга сабаб бўлган қарор амалда деярли ҳеч нарсани ўзгартирмаяпти. Сайёҳлик визалари, талабалик визаси ёки бошқа турдаги визаларни олиш тартибида ўзгариш бўлгани йўқ. Май ойида чиқадиган «Green card» лотереяси натижаларига ҳам таъсир қилмайди. Чунки ютуқ асосида виза учун элчихонага киргунча икки ой ўтиб кетади.
Янги тартиб соғлиқни сақлаш ходимларига ва АҚШ фуқаросининг турмуш ўртоғи ҳамда 21 ёшга тўлмаган фарзандларига тааллуқли эмас. Яъни улар тақиқ пайтида ҳам АҚШга келиш учун иммиграцион виза олишлари мумкин.
Коронавирус туфайли элчихона ҳозир ҳеч кимга ҳеч қандай виза бераётгани ҳам йўқ ва бу ҳолатнинг яна қанча давом этиши аниқ эмас. Халқаро қатновлар очилгунча бу 60 кунлик муддат ўтиб кетиши ҳам мумкин.