Туман ва шаҳар сайлов комиссиялари тузилди
Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси ўтказилди.
Комиссия раиси Х.Муҳаммадиев бошқарган йиғилишда дастлаб туман ва шаҳар сайлов комиссияларини тузиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Сайлов кодексининг 19-моддасига кўра, туман, шаҳар сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда ҳудудий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.
Ҳудудий сайлов комиссияси сайловга камида етмиш беш кун қолганида туман, шаҳар сайлов комиссияларини комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг саккиз – ўн саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузади.
14 туман ва 2 шаҳар Кенгаши томонидан туман ва шаҳар сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар таркиби шакллантирилиб, тасдиқлаш учун вилоят ҳудудий сайлов комиссиясига тақдим этилган.
Комиссия номзодларни кўриб чиқиб, уларни тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
– Туман, шаҳар сайлов комиссияларига таркибига 364 нафар шахс киритилган бўлиб, уларнинг 160 нафари, яъни 48 фоизи хотин-қизлардан иборат, – дейди Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Санжар Назаров. – Аъзоларнинг 199 нафари илгари ҳам сайлов комиссиялари таркибида ишлаган, бу борада тажрибага эга. Олий маълумотлилар – 294 нафар, ўрта-махсус маълумотлилар – 38 нафар. Мутахассислиги бўйича 60 нафари педагог, 60 нафари иқтисодчи, 24 нафари ҳуқуқшунос, яна 24 нафари тиббиёт ходими, 20 нафари муҳандис. Комиссия аъзоларининг 131 нафарини 31-40 ёшлилар, 105 нафарини 41-50 ёшлилар, 48 нафарини 51-60 ёшлилар ташкил этади.
Туман, шаҳар сайлов комиссиялари таркиби, манзили ва комиссиянинг телефон рақамлари расмий веб-сайт ва матбуот нашрларида эълон қилинади.
Шунингдек, мажлисда ҳудудий сайлов комиссия қошида матбуот маркази тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссияси матбуот маркази.