Туризм қишлоқларини ривожлантиришда халқаро тажриба: Амиш модели ва Самарқанд имкониятлари

2025 йил сентябрь ойида АҚШга сафарим давомида Пенсилвания штатида жойлашган Амиш Коунтри ҳудудига бориш имкониятига эга бўлдим. Бу сафар мен учун нафақат оддий саёҳат, балки бутунлай бошқа давр ва бошқа дунёга кириб қолгандек бўлиш эди. Амиш халқининг ҳаёт тарзи, уларнинг қадриятлари ва маданияти нафақат АҚШда, балки бутун дунёда ўзига хос ҳодиса сифатида қаралади. Бугун бу тажрибани бўлишиб, Амиш туризми ҳақида батафсил маълумот беришни истадим. Чунки бу жамиятнинг ҳаёти, қадриятлари ва туризмдаги ўрни ҳақида билиш нафақат қизиқарли, балки таълимий аҳамиятга ҳам эга.

Амишлар XVII аср охирида Швейцария ва Германия ҳудудларидан кўчиб чиқиб, янги ҳаёт излаб Америкага келишган. 1700 йиллардан бошлаб Пенсилванияда жойлашган бу жамоа ўзининг соддалик ва замонавий технологиялардан воз кечиши билан танилди. Ҳозирги кунда АҚШ бўйлаб Амишлар сони 370 мингдан ошиб кетган, фақат Ланcастер Коунтри (АҚШнинг Пенсилвания штатида жойлашган туман)нинг ўзида 40 мингдан ортиқ Амиш яшайди. Аҳоли сони йилига 3-4 фоизга ортиб бормоқда, бу эса уларни дунёдаги энг тез ўсиб бораётган гуруҳлардан бирига айлантирмоқда.

Амишларнинг ҳаёти бошқача. Улар автомобиль минмайди, электр энергиясидан фойдаланмайди, интернет ва мобиль телефонлардан деярли буткул воз кечишган. Транспорт воситаси сифатида от-аравадан фойдаланишади. Бунинг сабаби – уларнинг диний эътиқодида соддалик ва замонавий дунёдан ажралиб туриш қадрланади. Ҳозирги замонда ҳам шундай ҳаёт кечириш, табиийки, ташриф буюрувчилар учун катта қизиқиш уйғотади. Шундай қилиб, Амиш Коунтри ҳудуди тирик музейга ўхшайди – ҳар бир уй, ҳар бир даладаги меҳнат, ҳатто одамларнинг кийимлари ҳам тарихий манзара сингари кўринади. Уларнинг кийимлари бир хил рангда – қора, оқ ёки кулранг. Аёллар доимо бошига оқ рўмол ўраб юради, эркаклар эса соқол қўйиб, оддий кўйлак ва шим кияди. Амиш оилаларида кўп фарзанд бўлиш одатий ҳол, ўртача 7-8 нафар бола туғилади. Шу боис ҳам уларнинг жамоаси тез кўпаймоқда. Амиш болалари махсус мактабларда фақат 8-синфгача ўқишади. Улар мактабда илм билан бирга қишлоқ хўжалиги, тикувчилик, дурадгорлик каби амалий кўникмаларни ўрганадилар. Бу таълим тизими Амиш жамиятининг қадриятларига мос бўлиб, фарзандларни анъанавий ҳаёт тарзига тайёрлайди.

Амишлар жамиятида меҳнат жуда муҳим. Ҳар бир иш жамоавий тарзда бажарилади. Масалан, янги уй қурилиши бир оиланинг эмас, балки бутун қишлоқнинг иши ҳисобланади. Бир куннинг ўзида ўнлаб эркаклар ёғочларни йиғиб, уй қурадилар, аёллар эса таом тайёрлаб, болаларга қарашади. Бу “барн раисинг” деб аталувчи анъана нафақат меҳнат, балки бирдамликнинг ҳам ёрқин намунасидир. Туристлар учун бундай жараённи кўриш катта таассурот қолдиради.

Бугунги кунда Амиш Коунтри АҚШнинг энг машҳур туризм ҳудудларидан биридир. Ҳар йили 4-5 миллион сайёҳ бу ерларга ташриф буюради. Ланcастер Коунтри туризм марказларидан бирига айланган бўлиб, бу ерга келадиган туристлар Амишларнинг ҳаёт тарзини ўз кўзи билан кўриш, от-аравада сайр қилиш, уларнинг қўл меҳнати билан тайёрлаган маҳсулотларини харид қилиш имкониятига эга. Амишлар ясаган ёғоч мебеллар дунёда машҳур бўлиб, уларнинг сифати ва мустаҳкамлиги билан ажралиб туради. Амиш новвойхоналарида тайёрланган нон ва ширинликлар, маҳаллий фермерларнинг органик маҳсулотлари сайёҳлар орасида жуда талабгир. Амиш иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик асосий ўринни эгалласа-да, кейинги йилларда туризм улуши сезиларли даражада ошди. Амиш ишлаб чиқарган қўл меҳнати маҳсулотлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари АҚШ ички бозорида йилига қарийб 500 миллион долларлик савдога тенглашмоқда. Бундан ташқари, туризм хизматлари, экскурсиялар ва саёҳатлар орқали ҳам уларнинг даромадлари барқарор ўсиб бормоқда.

Амишларнинг туризмда энг катта устунлиги – уларнинг дунёда бошқа жойда учрамайдиган ҳаёт тарзи. ХХI асрда интернет ва технологиясиз яшаётган, автомобилсиз юрадиган, электрсиз кечқурун шам ёқиб ўтирадиган халқни кўриш ҳар бир турист учун кутилмаган тажриба. Бу ҳудудда вақт ортга қайтгандек, ХVII-ХVIII асрларда яшаётгандек ҳис қиласиз. Шунинг учун ҳам Амиш Коунтри “тирик тарих”, “замонавий дунёда унутилган қадриятлар” номи билан машҳур. Амишларнинг туризмда муваффақиятга эришишининг сабаблари кўп. Биринчидан, улар ўз анъаналаридан воз кечмаган ҳолда туризмни ривожлантиришга эришмоқда. Иккинчидан, уларнинг ҳалол меҳнат маҳсулотлари ва органик озиқ-овқатлари глобал соғлом турмуш тарзи тенденциясига мос келмоқда. Учинчидан, уларнинг ҳудудлари осойишталиги ва табиий манзаралари билан ҳам сайёҳларни жалб қилмоқда. Амиш жамоаси ҳаётидан кўплаб сабоқлар олиш мумкин. Улар соддаликда бахт топиш мумкинлигини, бирдамлик ва жамоавийликнинг қадрини, ҳалол меҳнатнинг кучини кўрсатиб беришмоқда. Бу тажрибани Самарқанд вилоятидаги қишлоқ туризмига ҳам тадбиқ этиш мумкин. Масалан, Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Ғўс ва Сойи Ғўс каби табиати чиройли, анъаналари бой қишлоқлар мавжуд. Ушбу ҳудудларда Амиш тажрибасини қўллаш орқали туризмни янги босқичга олиб чиқиш мумкин. Ўзбекистон шароитида ҳам шундай моделни татбиқ қилиш мумкин, лекин бу босқичма-босқич амалга оширилиши лозим.

Аввало, бундай лойиҳа давлат томонидан қўллаб-қувватланиши керак. Чунки қишлоқ туризми дарҳол катта даромад келтирмайди, балки бир неча йил давомида шаклланади. Шунинг учун дастлабки икки йил ҳукумат томонидан субсидия ёки грантлар ажратилиши зарур. Биринчи босқичда, туризмга қизиқиши ва меҳмон қабул қилиш имконияти бор оилалар аниқланиши лозим. Бу оилаларнинг уй-жойлари, санитария-гигиена шароитлари, хизмат кўрсатиш маданияти бўйича дастлабки тайёргарлиги амалга оширилиши керак.

Иккинчи босқичда, давлат бу оилаларни моддий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши зарур. Масалан, уйларини меҳмон қабул қилишга мослаб таъмирлаш, санитария воситаларини етказиб бериш, грант орқали туристик инфратузилмани яратишга ёрдам бериш мумкин. Шу билан бирга, оилаларнинг фарзандлари ва ёшларини туризм асослари, меҳмондўстлик, чет тиллар, хизмат кўрсатиш бўйича ўқитиш жуда муҳим. Амиш тажрибасида болалар эрта ёшдан меҳнат ва ҳунарга ўргатилгани каби, бизнинг қишлоқларимизда ҳам ёшлар туризм орқали даромад топиш йўлларини ўрганади.

Жасур Раҳмонов.