Ўзбекистон оилалари қанчалик бахтли?

2022 йилда "Оила ва гендер" илмий-тадқиқот институти томонидан оилаларнинг бахтлилик индекси ишлаб чиқилди. Мазкур индекс бўйича тадқиқотлар доимий юритилади.
2025 йилда Республиканинг 14 та ҳудудида ўтказилган сўровлар ва расмий статистика маълумотлари асосида ҳисобланган индекс мамлакат оилалари ҳаётидаги ижобий ўзгаришларни, шу билан бирга, эътибор қаратиш лозим бўлган соҳаларни ҳам кўрсатиб берди.

Ижобий динамика: Умумий бахтлилик ошмоқда

Бахтлилик индекси минус 1 дан плюс 1 оралиғида ўлчанган бўлиб, Ўзбекистон бўйича умумий кўрсаткичда ижобий динамика кузатилди:
2023 йил: Индекс +0,56 баллни ташкил этган.
2025 йил: Индекс +0,611 баллга етган.
Демак, икки йил ичида оилаларнинг умумий бахтлилик индекси +0,051 баллга кўпайган. Бу ўсиш Ўзбекистон оилаларининг аксарияти ҳаётга кўтаринки руҳ ва келажакка ишонч билан қараётганини, қийинчиликларни шукроналик ҳисси билан енгиб ўтаётганини тасдиқлайди.

Бахт бўйича энг юқори кўрсаткичлар

2025 йил натижаларига кўра, Ўзбекистон оилаларининг бахтлилик индексида учта асосий индикатор етакчилик қилмоқда. Булар айнан ўзбек халқига хос маънавий қадриятлар билан боғлиқ:
Демографик барқарорлик: +0,833 балл
Оилавий қадриятларнинг ўрни ва аҳамияти: +0,791 балл
Оилавий ҳаётдан қониқиш ва бахтни ҳис қилиш: +0,734 балл

Ушбу натижалар фарзандларнинг борлиги, оиладаги самимий муносабатлар, ғамхўрлик ва миллий қадриятларга содиқлик оилавий бахтнинг асосий пойдевори бўлиб қолаётганини исботлайди.
Тадқиқот натижалари асосий индикаторларда яъни таълим олиш имкониятлари(+0,31), иш билан таъминланиш даражаси(+0,22), давлат органлари фаолиятидан қониқиш(+0,13), демографик барқарорлик(+0,01), оилавий ҳолатдан қониқиш(+0,07), оилпвий қадриятлар(+0,07) ўсишни кўрсатди.
Айниқса, таълим (+0,31) ва иш билан таъминланиш (+0,22) бўйича сезиларли ўсиш аҳолига берилаётган имкониятларнинг кенгайишидан далолат беради.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда оила бахтининг асоси мустаҳкам қадриятлар ва самимий муносабатлар бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, ҳаётдан қониқиш ҳисси, инсоннинг иқтисодий фаровонлиги ва меҳнат фаолиятидан қониқиш даражасига бевосита боғлиқ бўлиб бормоқда.
Бу натижалар мамлакатда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсат нақадар тўғри эканлигини тасдиқлайди. Ёш оилаларни уй билан таъминлаш, айниқса, хотин-қизларга таълим имтиёзлари бериш, тадбиркорлик фаолияти ва қўшимча даромад олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларни давом эттириш ва кучайтириш зарур. Аҳолининг маънавий ва ижтимоий капиталини сақлаган ҳолда, иқтисодий фаровонлик даражасини ошириш – Ўзбекистон оилаларининг бахтлилик индексини келгусида янада юқори поғонага кўтаришга ҳисса қўшади.