Дори кишиларни даволаш учун ишлаб чиқарилиши керак, пулини “шилиш” учун эмас

Инсониятнинг энг катта бойлиги - соғлиқ. Уни асраш, даволаш учун эса дори-дармонларга эҳтиёж бор. Афсуски, кейинги йилларда дори бозори шунчаки тиббиётнинг бир бўлаги эмас, балки катта бизнес майдонига айланганини кузатяпмиз.
Бозорларда юзлаб дори савдоси билан шуғулланувчи янги фирмалар пайдо бўляпти, дорилар ассортименти ҳам кенгаймоқда. Шундай бўлса-да, аксарият дориларнинг нархи жуда қиммат. Ачинарлиси, айрим дориларнинг давлат реестрида рўйхатдан ўтган дори воситаларидан фарқи деярли йўқ. Баъзан уларнинг номидаги биргина ҳарф ёки қадоқ дизайни ўзгарган, холос. Оқибатда бемор ўша “янги” дори учун бир неча баравар кўпроқ пул тўлашга мажбур.
Шифохоналарда ҳам муаммо бор. Бемор даволаниш учун борганида унга зарур бўлганидан ортиқча таҳлиллар тайинланади. Шифокор берган рецептда ҳам кўпинча шифохона атрофида жойлашган “аптека”лардаги дорилар ёзилади. Бу дориларни бошқа дорихоналардан топишингиз мушкул.
Фуқаро рецептни дорихонага олиб борганида нархни эшитиб, даволанишни истамай қолиши ҳам мумкин. Чунки айрим дориларнинг нархи шунчалик баландки, беморда уларни сотиб олишнинг имкони йўқ.
Бу муаммо жамият учун оғриқли масала. Чунки дори-дармон қимматлигидан жамиятнинг энг заиф қатлами - оддий кишилар азият чекади.
Ечим борми?
Аввало, дори-дармонлар сифатини назорат қилиш, давлат реестрига киритилаётган дорилар устидан қатъий текширув ўтказиш керак. Дориларнинг самарали ва фойдали эканини мутахассислар тасдиқламаса, дориларнинг савдосига рухсат берилмаслик шарт.
Иккинчидан, нархларни тартибга солиш жуда муҳим. Зарур дори воситалари давлат томонидан субсидияланса, уларнинг нархи аҳолига қулай бўлади. Дунё тажрибасида кўплаб мисоллари бор. Масалан, айрим давлатларда энг кўп ишлатиладиган дорилар учун “минимал нарх чегараси” белгиланган.
Учинчидан, шифокорларнинг фармацевтик фирмаларга боғланиб қолишини чеклаш зарур. Шифокор ўз беморига дори ёзар экан, унинг биринчи вазифаси – беморни соғайтириш бўлиши керак, фирма манфаатини кўзлаш эмас.
Тўртинчидан, одамлар ҳам дори савдоси масаласида онгли бўлиши мақсадга мувофиқ. Бу маданият шаклланса, бозор ҳам тартибга тушади.
Хулоса қилиб айтганда, дори воситалари одамларнинг соғлиғи учун ишлаб чиқарилади. Уларни пул ишлаш манбаига айлантирмаслик керак.
Раъно НАСИРОВА,
СамДЧТИ катта ўқитувчиси.