Энди учар кетмон ҳам керак!..
Балки сарлавҳани ўқиган киши “Учар кетмон “эски” гап, замон одимлаб кетди-ку”, дейиши мумкиндир. Тўғри, бугун қаерга боқманг тараққиёт, инновация, илғор технологиялар ҳақида гапириляпти. Ҳатто оддий велосипед ҳам ўзи юрадиган бўлган. Айниқса, шу кейингиси охирги вақтлар жуда кўпайиб, кўча ва йўлларимизни чумолидек босиб боряпти.
Мен ҳам учар кетмоннинг ўрнига шундай электроуловни “эгарласам” кошкийди. “Зув” этиб бозорга, ғирра боғчага ё меҳмонга бориб келаверардим. Бироқ муаммойим бор, ёшим ўтиб қолганми, билмайман, шу “электромотор” деганларидан қўрқаман. Мана, масалан, йўлда бирортаси мен тарафга темир “тойчоғи”ни ғизиллатиб келаверса, жонимни ҳовучлаб тураман. Гўё у мени туртиб кетадигандек туюлади. Ваҳимангиз ноўрин, дерсиз. Ўринли бўлса-чи?..
Тан олайлик, бугун скутер ва шунга ўхшаш тезюрар “тойчоқ”лар кўпайиб кетди. Аммо уларни ким бошқараётгани, қандай бошқараётгани билан ишимиз йўқ. Хўш, скутерни мактаб ўқувчилари уч-тўртта бўлиб миниб олса-ю кўчани “дискотека” қилиб “бостириб” келаверса, қўрқмайсизми? Ўзингизни четга олмайсизми? Ёки “полвон” янгалардан бирибир боласини икки оёғининг орасига қўзичоқдай қистириб, бирини елкасидан опичлатиб, яна бирини “багаж”га “илдириб” визиллатиб келиб қолса, аҳволингизни кўраман. Аввало, яхшилик бўлсин, бироқ бир фалокат бўлиб, йўлдан тошми, мушук боласими чиқиб қолса, уларнинг ҳоли нима кечади? Ўша мушук боласининг ўрнида мен бўлиб қолсам-чи?
Ёш йигит-қизлар бор, қулоғида қулоқчин, қўлида телефон, кўзида қора кўзойнак билан скутерида “минг”га қўйиб ўтиб қолади. Ҳуддики орқасидан кимдир қуваётгандай. Менку майли, кекса одамдирман, лекин шунақалар ёнидан ўтиб кетса, жаҳоннинг манаман деган пойгачилари ҳам бир сесканади. Улар учун йўл қоидаси йўқ ҳисоб, истаса, унинг қатнов қисмида, истаса, пиёдалар йўлакчасида “босади”.
Эшитишимча, парламентдагилар ҳам шу масалада бош қотираётган эмиш. Янги жарималар белгиланибди. Шунга яраша тартиб ҳам ўрнатилса, жуда миннатдор бўлардик-да. Ёки бизга ҳам “Абдуллажон”никига ўхшаш учар кетмон ясаб беринглар. Пастда юриш хавфли бўлиб қолди.
Жўрақул Нарзуллаев,
Пахтачи тумани.