Ургутда ҳоким ёрдамчиси ва адвокат 2500 АҚШ долларини пора сифатида олаётганида ушланди
Ургут туман тиббиёт бирлашмасида аниқланган 61 миллион сўмлик камомад бўйича прокуратура органлари томонидан Жиноят Кодексининг 167-модддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилади.
Тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан биридаги ҳоким ёрдамчиси мазкур жиноят ишининг унда гумонланувчи сифатида жалб қилинган шахслардан бирига тегишли қисмини танишлари ёрдамида ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 2500 АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.
Сўнгра ҳоким ёрдамчиси ушбу пулларни маҳаллий адвокатлик бюроси адвокатига бериши кераклиги аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилди ҳамда мазкур қонун ҳимоячиси ҳам 2500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Маълум бўлишича, адвокат мансабдор танишлари орқали жиноят ишининг гумондор шахсга тегишли қисмини Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси билан тугатиб беришни ваъда қилган.
Ҳозирда ҳоким ёрдамчиси ва адвокатга нисбатан Жиноят Кодексининг 168 ва 28, 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Афсуски, ҳоким ёрдамчиси муқаддам Жиноят кодексининг 167-моддаси билан, адвокат эса 168-моддаси билан судланган бўлишларига қарамасдан, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқармаган.