Уйда тайёрлангани заҳарли экан, кўчада сақлангани-чи, уларнинг сифатига кафолат борми?
Ўтган ҳафта Ургутдаги тўйда одамларнинг овқатдан оммавий заҳарлангани ҳақидаги хабар тарқалди. Бунга уй шароитида тайёрланган майонезли салат сабаб бўлгани қайд этилди.
Умуман, овқатдан заҳарланиш ҳолати кўпинча, уйда тайёрланган салат, консервадан ёки бошқа таомдан келиб чиққани айтилади. Тўғри, ҳамма бекалар ҳам айрим салат ёки таомларни тайёрлашнинг меъёрларига, санитария-гигиенага амал қилмас. Эшитгани ёки кўргани асосида тайёрлаб кўришга уриниши мумкин. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Лекин масаллиқларнинг сифати, яроқлилик муддати билан кўпчилик аёллар, ҳатто бозор-ўчар қиладиган эркаклар ҳам қизиқмаслиги, бунга эътибор қаратмаслиги ҳақиқат.
Айниқса, кейинги пайтда бир-икки сўм арзон деб маҳсулотни улгуржи бозордан ёки шу турдаги савдо дўконларидан харид қилишга одатланаётганимизда сотиб олаётган маҳсулотнинг қандай шароитда сақланаётгани, яроқлилик муддатига эътибор қаратишни унутиб қўямиз. Улгуржи савдога келтирилган кўп миқдордаги маҳсулотларни эса махсус жойларда, омбор ёки музлаткичда сақлашнинг имкони йўқ. Шунинг учун дўкон олдида ёки кўча четида териб қўйилган ҳолда савдога чиқарилмоқда ва харидор шу ердан олиб кетяпти.
Ҳаво салқин пайтларда-ку бу салбий ҳолатларга олиб келмаслиги мумкин (шунда ҳам маҳсулотни кўчада, йўлакда териб қўйиш савдо ва хизмат кўрсатиш талабларига қанчалик мос келади?). Аммо, ёз пайтида, ҳаво ҳарорати аномал кўтарилиб кетаётган иссиқ кунларда-чи? Исталган бозор ёки савдо марказига бориб кўринг ёки йўл ёқаларидаги йирик дўконлар атрофига қаранг – барчасида сув ва бошқа ичимликлар, мой ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари қуёш нури тушадиган жойда, йўлакларда очиқ ҳолда териб қўйилади. Бу маҳсулотлар орасида сифати тез бузиладиган майонез ва таомларга қўшиладиган бошқа қўшимчалар, тухум ва ширинликлар ҳам бор. Айрим савдо дўконларида эса колбаса маҳсулотларини ҳам очиқ ҳолда раста устига териб қўйиб сотишади. Энг ёмони, кўп ҳолларда колбасанинг қачон ишлаб чиқарилгани ҳақидаги ёрлиқ ёки белгилар умуман, қўйилмайди. Айни пайтда эса тўйларда ёки бошқа оилавий маросимларда дастурхонга гўшт маҳсулотлари тортилаётганда албатта, колбаса ҳам қўйилади.
Мутахассиснинг айтишича, белгиланган ҳароратда сақланмаган, қуёш нури остида қолган майонез, колбаса сингари тез бузиладиган маҳсулотлар ичак таёқчалари, стафилококк, стрептакок кўпайишига олиб келар экан. Худди шундай – қуёш нури тушадиган жойда териб қўйилган рангли ва рангсиз ичимликлар, сув ҳам истеъмол қилинганидан сўнг организмда турли ножўя ҳолатларни келтириб чиқариши кузатилган.
Бу талабларни кўпчилигимиз, айниқса, шу соҳаларга масъуллар ҳам яхши билишади. Аммо, билсак-да савдо тартиб-қоидаларига зид ҳаракат қилаётганларга эътироз билдирмаймиз. Масъул идоралар эса тадбиркор фаолиятига аралаша олмаймиз, деб очиқ-ойдин қоидабузарлик, савдо-сотиқ тартибларига риоя этмаслик ҳолатларига ҳам кўз юмади. Бундан эса охир-оқибат истеъмолчи азият чекади, овқатдан заҳарланиш, турли касалликлар юзага келади.
Тадбиркор-чи? Нега у ўз манфаати, тўрт сўм пул топиш илинжида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган бўлиб қолди? Қонун-қоидани писанд қилмас, ҳалол-ҳаромни, инсоф-диёнатни ҳам унутганми? Савдода ҳалоллик муҳиммасми, барака ҳалол-покликда-ку.
Яна бир масала – тўйхона ва ошхоналарнинг санитария ҳолати. Яхши биламиз, бугун аксарият тўйхоналарда, ҳатто ресторан ва кафеларда мавсумий ишчилар, кўпроқ талабалар меҳнат қилади. Уй беклари идиш-товоқ ювади. Аксарияти расмий қайд этилмайди ҳам. Кунлик ишига яраша ҳақ олади. Уларнинг тиббий кўрикдан ўтгани ёки умумий овқатланиш тизимида ишлаш, хизмат кўрсатиш кўникмасига эгалиги ҳақида гапириш ҳам ортиқча. Буниям яхши биламиз, лекин бизга ким, қандай хизмат қилаётганига Хуллас, овқатдан заҳарланиш ҳолатлари, турли юқумли касалликлар қайд этилаётган экан, буни фақат “уй шароитида тайёрланган” деган важ билан хаспўсламасдан, уларни юзага келтираётган сабаблар, унинг оқибатлари таҳлил қилиниши, шунга қараб аниқ чора-тадбирлар кўрилиши лозим. Аслида, чора-тадбирлар, тартиб-меъёрлар мавжуд, аллақачон белгиланган. Гап уларнинг ижросини таъминлаш, ҳар бир соҳа, тизим эгаларининг ўз вазифаларига виждонан ёндошиб, масъулиятини бажаришда қолган, назаримда.
Ғолиб ҲАСАНОВ.