Вазир СамДАҚУга келди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов университетда бажарилаётган трансформация жараёнини ўрганиш мақсадида Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида бўлди.

Дастлаб университетда янги қурилаётган 4238 ўринли ўқув биноси ва 5 та ўқув-лаборатория бинолари, 3 та 1155 ўринли талабалар турар жойи биноларининг ҳолати ҳамда шароитларини кўздан кечирди. Университетда амалга оширилган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, реконструкция қилинган архитектура факультети ўқув биноси ҳамда 308 ўринли талабалар турар жойи биноси ва бошқа қурилиш-таъмирлаш ишлари  билан танишди.

Университетнинг қурилиш факультети ўқув биноларини капитал таъмирлаб, талабалар турар жойига айлантириш, шу йўл билан ётоқхона ўринларини ошириш бўйича фикр билдирди.

Вазир томонидан етакчи хорижий олий таълим муассасалари тажрибасидан келиб чиқиб, университетда ҳозирги вақтда фойдаланилмай турган хўжалик биноларининг ўрнига лабораториялар комплекси ва инкубация марказини қуриш таклифи киритилди. Вазир университетни илғор хорижий тажриба асосида трансформация ва модернизация қилиш борасида эътироф этиб, ўз тавсия ва таклифларини берди.

СамДАҚУ ахборот хизмати.