Велосипеддан сақланинг!

Албатта, ҳикоямиз ҳаммамизга таниш бўлган кино - “Автомобилдан сақланинг” бадиий фильмига ўхшаш. Мазкур кино қаҳрамони автомобилларни олиб қочиш ва уларни сотиш билан шуғулланган бўлса, биз ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеада фуқаро Шахзод Шарипов (исми-фамилиялар ўзгартирилган) велосипедларни ўғирлаш ва сотиш билан машғул бўлган.

Ш.Шарипов уйланган, икки нафар фарзанднинг отаси. Аммо тайинли бирор иш билан шуғулланмайди, бунинг устига спиртли ичимликларга ружу қўйган.

Шу йил 30 июнь куни у эрталабдан спиртли ичимлик истеъмол қилади ва иш излаб, кўчага чиқади. Шунда Паст Дарғом тумани “Жума” темир йўл бекати ҳудудида жойлашган "ПЧ-8" (темир йўл масофаси) корхона биноси олдидан ўтаётиб, қизил рангли велосипедни кўради. Бу ушбу темир йўл бекатида ишловчи Абдукарим Бакировга тегишли эди.

А.Бакиров ўша куни бозор нархи 1 миллион 72 минг сўм бўлган “Shimanoo” русумли велосипедида ишга келган ва велосипедни корхона биносини олдида қаровсиз қолдирган эди. Бундан фойдаланган Шахзод велосипедни етаклаб, бу ердан узоқлашади ва сотиш мақсадида туманнинг “Жума деҳқон бозори"га боради.

У ўғирланган велосипедни бозорда салқин ичимликлар савдоси билан шуғулланувчи Одил исмли йигитга 300 минг сўмга сотади.

Халқ орасида “бели оғримаганнинг нон ейишини кўринг” деган гап бор. Ш.Шарипов ишламасдан пул топишнинг мазасини билганидан сўнг яна жиноятга қўл уради, яъни 2020 йил 7 июль куни эрталаб “Жума” темир йўл бекатида жойлашган "ПЧ-8" (темир йўл масофаси) корхона биноси олдига келади. Бу сафар ҳам уни ови ўнгидан келади ва шу корхона олдида турган “Урал” русумли велосипедни яширин равишда олиб чиқади. Аммо уловни миниб кетаётганида уни корхона ишчилари кўриб қолади ва етиб олиб, уни Самарқанд вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимларига топширади.

Олиб борилган терговга қадар текширув жараёнида Ш.Шариповнинг муқаддам содир этган қилмиши ҳам фош этилади ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Суд ҳукмига кўра, Ш.Шарипов Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра айбдор деб топилди ва унга нисбатан жазо тегишли тайинланди.

Шерзод Шодмонов,

республика Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси тергов бўлими терговчиси.