Самарқанд шаҳрида машина ғилдиракларини ўғирлаб кетганлар қўлга олинди
Ўтган ой Самарқандда машина баллонлари ўғирлаб кетилгани хабар тарқалганди. Вилоят ИИБ томонидан бугун берилган маълумотга кўра, ғилдирак ўғрилари топилган ва қўлга олинган.
Саттепо масканида яшовчи фуқаро Самарқанд вилоят ИИБга мурожаат қилиб, 2023 йил 15 январь кунидан 16 январь кунига ўтар кечаси ўзига тегишли бўлган «СОБАЛТ» русумли автомашинасини 4 дона ғилдиракларини номаълум шахслар ўғирлаб кетганлигини маълум килган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, жиноятни содир этган шахсларни аниқлаш юзасидан тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилаётган эди.
Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 2-сон ИИБ тезкор ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида, мазкур ўғрилик жиноятини Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманида яшовчи 3 нафар шахслар содир этгани аниқланган.
Ушбу шахслар, жорий йил 1 февраль куни ўғирланган шиналарни Қарши шаҳридаги бозорга олиб бориб, 300 АҚШ доллари эвазига сотиб, пулларни ўз эҳтиёжи йўлида ишлатиб юборишган.
Гумон қилинувчилар билан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, улар жорий йил 17 январь кунига ўтар кечаси соат 02:00ларда Яккабоғ тумани Ғозлиқ МФЙ Ғозлиқ қишлоғида яшовчи фуқарога тегишли бўлган Ласетти-Жентра русумли автомашинанинг ҳам бир дона шинасини ўғирлаганлиги аниқланиб, улардан бир дона шина ҳужжатлаштириб олинди.
Ҳозирда гумонланувчиларга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.