Халқ депутатлари кенгашининг нуфузи ошмоқда

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бунга яққол мисол бўлди.

Уни вилоят ҳокими, Кенгаш раиси Э.Турдимов олиб борди.

Сессия ишида вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид қатор масалалар муҳокама қилинди.

Ҳоким ўринбосари яна ҳисобот беради

Сессияда дастлаб, вилоятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари сунъий ўсишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Ушбу масала юзасидан вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ф.Абиловнинг ахбороти тингланди.

Қайд этилишича, вилоятимизда доимий яшовчи 3 миллион 911 минг кишининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи ҳисоб-китоб қилиниб, етиштирилган ортиқча маҳсулотларни қайта ишлаб истеъмол бозорига, шу жумладан экспортга чиқариш режалаштирилган. Бу борада 2021 йил ҳосили учун ноябрь-декабрь ойларида фермер, деҳқон хўжалиги ва аҳоли томорқаларида тўқсонбости усулида сабзавот экинларини ўз вақтида ва сифатли экилиши бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Шунингдек, чорвачиликни ривожлантириш борасида ҳам келгуси йил учун истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Бироқ муҳокамалар давомида ҳоким ўринбосари сессияга зарур даражада тайёргарлик кўрмаганлиги қайд этилди.

- Сиз аниқ маълумот беринг, қачон қайси маҳсулотнинг нархи қанча бўлади? - деди халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Э.Турдимов.

Сессияда 2021 йил апрель ойида ушбу масалада вилоят ҳокими ўринбосари ҳисоботини яна эшитишга қарор қилинди.

Ичимлик ва оқова сув тарифлари ўзгаради(ми?)

“Самарқанд сув таъминоти" масъулияти чекланган жамияти директори К.Юсуповнинг “2021-2023 йилларга мўлжалланган ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини комплекс ривожлантириш дастури”га киритилаётган лойиҳалар ҳамда ичимлик суви ва канализация хизматлари тарифлари юзасидан тақдимоти муҳокама қилинди.

Унда қайд этилишича, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида ичимлик суви бўйича 30 миллиард 613 миллион сўм даромад қилинган. Унинг 28 миллиард 689 миллион сўми харажатларга сарфланиб, 1 миллиард 924 миллион сўм соф фойда олинган. Оқова хизматлари бўйича 7 миллиард 69 миллион сўм даромад олиниб, 33 миллиард 386 миллион сўм харажат ҳисобланган. Оқибатда биринчи ярим йиллик 26 миллиард 317 миллион сўм зарар (рентабеллик даражаси  -500,3 фоиз) билан якунланган.

К.Юсуповнинг билдиришича, амалдаги тарифлар орқали олинаётган даромадлар корхонанинг кундалик мажбурий тўловлари учун ҳам етмаяпти. Амалда эса эскирган тармоқлар ва иншоотларни янгилаш, насосларни энергия тежовчиларига алмаштириш каби муҳим вазифалар турибди. Шу боис, корхона даромадини ошириш ва хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида таърифлар, яъни нархни ўзгартиш таклифлари ишлаб чиқилмоқда.

Таклифлар тегишли тартибда навбатдаги сессия муҳокамасига киритилади.

Мактаблар очилишига ота-оналар нима дейди?

Вилоят ҳалқ таълими бошқармаси бошлиғи С.Усмонов вилоятдаги мактабларда янги ўқув йилига кўрилган тайёргарлик ҳақида ахборот берди. Шунингдек, 25-26 август кунлари барча туман, шаҳарлардаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ота-оналари иштирокида ўтказилган сўровнома натижаларига тўхталди.

Сўровномада вилоят мактабларида таълим оладиган 732 минг 470 нафар ўқувчининг 674 минг 530 нафар (92 фоиз) ота-оналари иштирок этган.

Мактаблар ўз фаолиятини анъанавий шаклда сентябрь ойидан тиклашига сўровномада қатнашган 466 минг 671 нафар (69 фоиз) ота-она ижобий фикр билдирган. Шунингдек, 207 минг 859 нафар (31 фоиз) ота-она ўқишни бошламаслик тарафдори бўлган.

Атрофлича муҳокамалардан сўнг, сессия ишида пандемия шароитида мактабларда ўқув машғулотларини бошлаш учун зарур чора-тадбирлар белгиланиб, масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Депутат сўровига муносабат ўзгариши шарт

Сессияда ахборот берган раҳбарларга депутатлик сўровларига жавоб қайтармаганлиги ҳам эслатилди.

Хусусан, 1-Боғибаланд сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Бадриддин Насриевнинг таъкидлашича, Самарқанд шаҳридаги Зарафшон маҳалласи аҳли ҳудуддаги сув минорасини таъмирлаш ва янгилаш учун барча зарур жиҳозларни келтирган.

Аммо зарур ишларни амалга ошириш учун тегишли рухсатнома ва малакали мутахассислар зарур бўлмоқда. Бу борада ҳудуддан сайланган депутат сифатида сўров йўллаган Б.Насриев аҳоли олдида мулзам бўлиб қолаётганлигини қайд этди.

Шунингдек, 52-Тойлоқ сайлов округидан депутат Лола Рустамова вилоят халқ таълими бошқармасига округ ҳудудидаги мактаблардан бирини таъмирлаш ва қўшимча синфхона қуриб бериш бўйича депутат сўрови юборган. Мазкур сўровга асосли тушунтириш ёки жавоб берилмаётгани сабабини сўради.

- Кенгаш котибияти томонидан ҳар бир депутатлик сўров назоратга олиниб, унинг ижроси ташкил қилиниши шарт, - деди Кенгаш раиси Э.Турдимов. – Кенгаш, унинг депутатлари билан муносабатни энди тубдан ўзгартириш керак.

Ташкилий масалалар кўрилди

Сессия ишида шунингдек, депутатлик ўрни бўшаб қолган 35-Мирбозор ва 50-Дўстлик сайлов округларида 4 октбярь куни сайлов ўтказилиши белгиланди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг депутатлар гуруҳи таркибига ўзгартиш киритилди.

Ё.Марқаев.