Халқ ичидан чиққан ва эл орасида юрган депутатлар

Халқ демократик партияси фракциясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган депутатлар Мавжуда Ҳасанова ҳамда Дилбар Мамажонова жойларда олиб борилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишмоқда.
Хусусан, депутатлар бугун Булунғур туманида бўлиб, туманда камбағалликни камайтириш, шунингдек, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида оилаларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишларни жойига чиқиб ўрганишди.
Депутат Мавжуда Ҳасанова биринчи ва учинчи сектор ҳудуди, Мингтепа, Нурли йўл, Исори ўроқли, Оқтош маҳаллалари мисолида ҳолатни ўрганган бўлса, Дилбар Мамажонова иккинчи ва тўртинчи секторлардаги Чўянтепа, Чорбоғ, Кафтархона, Саховат маҳаллалари мисолида амалга оширилган ишлар билан танишди.
- Мақсад текшириш эмас, балки халқ ичига тушиб ҳақиқий ҳолатни жойида ўрганиш, улар билан яқиндан суҳбатда бўлиш, муаммо ва таклифларини тинглаб, фаолиятида устувор йўналишларни белгилаб олиш, - деди Мавжуда Ҳасанова. – Зиммамизда улкан масъулият – халқ ишончи турибди. Бу ишончни оқлаш учун имкон қадар ҳар куни халқ билан яқиндан суҳбатда бўлишга, уларни тинглашга, муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ижобий ечими юзасидан ўз таклифларимизни беришга интиляпмиз.