Хўжа Абдураҳмон Валий ҳақида эшитганмисиз?

Ҳар қандай жамиятда, ҳар қандай даврда ҳам олиму уламолар, мутафаккиру донишмандларнинг ўрни беқиёс бўлган. Диёримиздан етишиб чиққан мана шундай авлиёлардан бири Хўжа Абдураҳмон Валий ҳазратларидир.

У зот Жиззах вилояти Фориш тумани Гараша қишлоғида Шайх Муҳаммад Шариф авлодидан Имоми Амир бобо Ҳамид хонадонида дунёга келган. Шажаралари маълум бўлса-да, аммо туғилган йили ва вафоти тўғрисида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Тахминан XV асрда яшаган. Айтишларича, Амир бобо Ҳамид ўғли Абдураҳмонни Самарқандга мадрасага ўқишга олиб келган. Зеҳни ўткир, хотираси мустаҳкам Абдураҳмон тез фурсатда устозлар эътиборига тушади. Мадрасани тамомлаб, Гарашага қайтиб боради. Қишлоқ аҳлига илм ўргатади, шогирдлар тайёрлайди.

Кейинчалик илмини янада мукаммаллаштириб, илму толибларга сабоқ беради ва Яссавий таълимотини тарғиб қилиш билан шуғулланади. Бу даврда Самарқанднинг Мотрид қўрғонида яшаб, фаолият юритган. Маҳаллий халқ ҳикояти талқинига кўра, ул зот яшаган давр Хожа Аҳрор Валий бобомиз яшаган пайтга тўғри келган, у киши билан ҳамфикр бўлганлар.

Хожа Аҳрор Валий хожа Абдураҳмон Валийнинг ҳурматини жойига қўйиб, унга Самарқанднинг энг сўлим масканларидан бўлган ҳозирги аэропорт йўлидаги Мотрид қўрғонида етти таноб ер тортиқ қилган. У ерда Абдураҳмон Валийнинг масжиди, илму толиблари ва шогирдлари бўлган. Шу ерда вафот этган ва қабри ҳозир ҳам сақланиб қолинган. Бу жой айни дамда Хўжақишлоқ деб номланади ва гарашаликлар қадамжони зиёрат қилиб турадилар.

– Бобомизнинг ибратли ишларининг давомчиси сифатида эл ўртасида ҳурмат-эътибор қозонган Илёсхон қори Шоқосимов мақбара қуришга рухсат берилмагани учун 1987 йилда қабр атрофига ғишт тердириб, ўраб қўйган эди, – дейди асли гарашалик, айни пайтда Самарқанд шаҳрида яшовчи меҳнат фахрийси, ушбу эзгу иш бошида турган инсонлардан бири Ўктам Қаршиев. – Бугун азиз авлиёларимиз номини улуғлашга бўлган эътибор ва имкониятлар туфайли 2021-2022 йилларда хожа Абдураҳмон Валий қабри устида мақбара бунёд этилиб, атрофи ободонлаштирилди. Ушбу хайрли ва эзгу ишларга Гараша аҳли ва Самарқандда яшовчи гарашаликлар, жумладан, Усмон Орипов, Худоёр Холхўжаев, Эргаш Сулаймонов, Тошназар Жонибеков, Ҳамза Нуруллаев, Баҳодир Қурбонов, Эсон Лутфуллаев, Абдуҳалим Илёсов (барчаларини Аллоҳ раҳмат қилсин!), Асад Омонов, Ҳусан Олимов, Қарши Қурбонов, Ражаб Лутфуллаев, Ҳамро Исмоилов, Гарашада яшовчи Ҳайдар Абдуқодиров ва Абдусалимхон Шоқосимов катта ҳисса қўшди. Мақбара қурилишида самарқандлик моҳир архитекторлар Эгамберди Нуруллаев, Маматқул Холиқулов, Баҳрилло ҳожи, Орзумурод Валиевлар ўзларининг билим, бой тажриба ва маҳоратларини намойиш этдилар.

Бугунги давлат сиёсати талабидан келиб чиқиб, бу эзгу ишларимиз Самарқанд шаҳрининг Мотрид қўрғони Хўжақишлоқ маҳалласининг кўркига кўрк қўшишига, туризм соҳаси ривожига муносиб ҳисса бўлади, деган умиддамиз.

– Мустақиллик бизга агар миллат ўзининг келажагини ёруғ ҳолда кўрмоқчи бўлса, унинг хотираси ҳамиша уйғоқ бўлиши шартлигини, “Ислом дини – бу ота-боболаримиз дини, у биз учун ҳам иймон, ҳам ахлоқ, ҳам диёнат, ҳам маърифат эканини, “Биз киммиз, қандай буюк зотларнинг авлодимиз?” деган саволни ҳар биримиз ўзимизга бериб яшашимиз зарурлигини яққол англатади, – дейди меҳнат фахрийси Абдушукур Муҳаммадқулов.

Валийларнинг табаррук руҳларини ёд этиш, уларга  дуо юбориш орқали биз ўз қалбимиздаги ростлик ва эзгулик сари мувофиқлаштиришни ҳам ўйлаймиз. Чунки азалий инсонларнинг ҳаёти, сўзлари ва эзгу амаллари бизга ибрат ва сабоқдир. Хожа Абдураҳмон Валий ҳам ана шундай юксак мақомга сазовор бўлган улуғ зот бўлганлар.

Мозийга қайтиб иш кўриш хайрли, дейдилар. Мозий бу ўтмишимиз, кечаги кунимиз. Инсониятнинг қудрати ўтмишдан хулоса қилиб, ўрганиб ривожланиш, янгилик яратиб, келажакка мерос қолдиришдир.

Суюн Каримов, 

Амрилло Аҳмедов,

Ғолиб Ҳасанов.