Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Грузияда зиддиятлар кескин тус олди. Қозоғистон Миллий банки асосий ставкани оширди. Маймунчечак Буюк Британияда
🔹 Зеленский 1 декабрдан кучга кирадиган солиқни “тарихий” ошириш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳарбий солиқ 1,5 дан 5 фоизга оширилади. 2024 йилда нобанк молия институтлари учун даромад солиғи 25 фоизни, банклар учун 50 фоизни ташкил этади.
🔹 Грузияда мамлакат расмийларининг Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни 2028 йил охиригача қолдириши туфайли зиддиёт авжида. Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе “айрим европалик сиёсатчилар ва амалдорларни” Грузиядаги парламент сайловларига аралашишда айблаб, мамлакат яна тўрт йил музокарага тайёр бўлмаслигини айтди. Бундан кейин нафақат пойтахтда, балки мамлакатнинг бошқа шаҳарларида йирик митинглар бошланди. Мамлакат президенти Саломе Зурабишвили мухолифат билан ёнма-ён туриб, Кобахидзенинг баёнотини конституциявий тўнтаришнинг тугаши деб атади.
🔹 Украинада мумкин бўлган ҳар қандай ўт очишни тўхтатиш Европа тинчликпарвар миссиясини, жумладан, Британия контингентини жойлаштиришни ўз ичига олиши керак, деди Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Борис Жонсон.
🔹 Ливан армияси баёнотида айтилишича, Ливанда ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганидан кейин Исроил бир неча бор уни бузган. Исроил бош вазири Нетаняҳу эса давлат қуролли кучларига Ливандаги сулҳ муваффақиятсизликка учраган тақдирда “катта кўламли уруш”га тайёр туришни буюрди.
🔹 Эрон МАГАТЭга уранни бойитиш учун янги центрифугалар ўрнатилиши ҳақида маълум қилди.
🔹 Франция президенти Макрон Халқаро жиноят суди (ХЖС) Исроил бош вазири Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Галландни ҳибсга олиш бўйича ордерини бажармасликка рози бўлди. Бунинг эвазига Париж Ливанда ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда асосий ролга эга бўлишини кутмоқда. Эслатиб ўтамиз, ХЖС Нетаняху ва Галантни ҳибсга олишга ордер берди. Улар 2023-2024 йилда содир этилган уруш ва инсониятга қарши жиноятларда айбланмоқда.
🔹 Сурия мухолифати 48 соат ичида Алеппо вилоятининг бутун ғарбий қисми, 50 дан ортиқ аҳоли пункти ва Сурия армиясининг 15 та позицияси қўлга киритилганини маълум қилди.
🔹 Қозоғистон Миллий банки базавий ставкани йиллик 14,25 фоиздан 15,25 фоизга оширишга қарор қилди. Жорий йил охирида Қозоғистон иқтисодиёти 4–4,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Ставкани ошириш макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва инфляция жараёнларини жиловлашга қаратилган.
🔹 Канада Рақобат бюроси "Google" технология гиганти эгаси Alphabet компаниясини интернетдаги рекламани суиистеъмол қилганликда айблаб судга берди.
🔹 Буюк Британияда маймунчечак янги штаммининг бешинчи ҳолати аниқланди.
🔹 Хитойлик крипто-бизнесмен ва TRON криптовалютаси асосчиси Жастин Сун яқинда 6,2 миллион долларга сотиб олган “Комендант” арт-объекти – деворга ёпиштирилган бананни ваъдасига биноан еб қўйди.