Ишсиз ёшларга “Labo” автомашиналари топширилди
Вилоят ёшлар ишлари бошқармаси, "Алоқабанк" вилоят бошқармаси ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида Самарқанд вилоятида ишсиз ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган навбатдаги лойиҳа амалга оширилди.
Мазкур ташаббус доирасида 50 нафар самарқандлик ёшга “Labo” русумидаги автомашиналар топширилди.
Лойиҳадан мақсад ишсиз ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг ўзини ўзи банд қилишига шароит яратиш ва даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашишдан иборат.
- 2021 йилда “Б” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини олганман, - дейди Жомбой тумани Наймантепа маҳалласида яшовчи Моҳира Сафарова. - Педагогика коллежини тамомлаганман. Аммо ишсиз эдим. Ушбу лойиҳа доирасида бошланғич тўловсиз, 7 йил муддатга, йиллик 18 фоизли кредит асосида “Labo” автомобилини олдим. Автомобилнинг умумий қиймати 96 миллион сўмни ташкил этади. Асосан юк ташиш фаолияти билан шуғулланишни режалаштирганман. Бу орқали ўз меҳнатим билан даромад топиб, оиламга ва жамиятга фойда келтирмоқчиман. Биз, ёшлар учун яратилаётган бундай имкониятлар катта рағбат бўляпти.
Мазкур лойиҳа ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни меҳнатга ундаш ва тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Моҳира Сафарова каби ташаббускор ёшлар бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз келажагини мустақил равишда барпо этмоқда. Бундай амалий ёрдамлар ёшларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳ.Тўхтаев иштирок этди.