Мунажжимлар башорати: От йили нималарни ваъда қилади?
Шарқ тақвимига кўра, 2026 йил қизил оловли от йили остида ўтади. Ушбу рамз қувват, ҳаракат ва янгиланиш билан боғлиқ бўлиб, бундай уйғунлик 60 йилда бир марта кузатилади.
От - куч ва олижаноблик рамзи. У чидамлилик, тезлик, жасорат, садоқат, сабр-тоқат ва эркинликка интилиш каби фазилатларни ўзида мужассам этади.
Астрологларнинг таъкидлашича, 2026 йил нисбатан барқарор кечади. Ўзгариш, фаоллик ва имкониятлар йили режалаштирилган лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай келади. Бироқ моддий манфаат устувор йўналиш бўлмайди, маънавий ўсиш, инсонлар билан муносабат ва ўз устида ишлаш муҳим аҳамият касб этади.
Қатъий қарорлар, касбий ўсиш ва шахсий ривожланиш учун қулай шароитлар яратилади. Бу йилда ортиқча харажат ва можаролардан тийилган маъқул. Отнинг қуввати тўғри йўналтирилса, у муваффақият манбаига айланади.
Қизил оловли от йили барча бурж вакиллари учун шахсий ўзгариш даври бўлади. Бу йил мустақиллик, ўзини намоён этиш, янгиликка очиқлик ва интилишни талаб этади. Фаол, қатъиятли ва самимий инсонлар учун айниқса, омадли бўлади. От, йўлбарс ва маймун буржлари остида туғилганларга ўсиш ва янги имкониятлар ваъда қилинмоқда. Бошлаган ишини охиригача етказа оладиганлар учун ҳам йил муваффақият келтиради. Умуман, 2026 йил ўзгаришларга тайёр, интилувчан ва ўз устида ишлайдиганлар учун қулай бўлиб, йилнинг иккинчи ярмида ҳалоллик ва интизом шарти билан карера ва шахсий ҳаётда ютуқларга бой келади.
Янги йил - оилани бир жойга жамлайдиган, қалбларни яқинлаштирадиган байрам. Йил қандай келиши эса аввало, ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Шундай экан, самимият, ҳароратли сўз ва чин дилдан қилинган орзу-ниятлар албатта, ўз мевасини беради.
Яқинларингиздан илиқ сўзингизни аяманг, уларни қўллаб-қувватланг, ишонч билдиринг. Зеро, шу кичик, аммо самимий меҳр белгилари бирлашиб, келаётган йилда мўъжизага айланиши шубҳасиз.
Гулнора ХОЛДОРОВА тайёрлади.