Дунёда илк марта аҳолини рўйхатга олиш  1790 йил АҚШда ўтказилган

Тарихий манбаларга кўра, аҳолини илк бор давлат миқёсида расмий рўйхатга олиш 1790 йилда Америкада ўтказилган.

Бунга асос сифатида АҚШ Конституциясининг I моддаси, 2-қисми белгиланган бўлиб, унга кўра Конгрессдаги вакиллик аҳоли сонига мутаносиб равишда тақсимланиши ва аҳоли ҳар 10 йилда бир марта рўйхат орқали аниқланиши шарт эди.

1790 йил 1 март куни Конгресс томонидан “АҚШ аҳолисини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Рўйхатга олиш ишлари 1790 йил 2 август куни бошланган ва 9 ой давомида якунланган.

Кимлар рўйхатга олинган?

Қонун талабига кўра:

1790 йил 2 август куни муайян оилада доимий яшаб турган ҳар бир шахс шу оила таркибида қайд этилган.

Доимий яшаш жойига эга бўлмаган, лекин муайян ҳудудда бўлган шахслар ўша жой бўйича ҳисобга олинган.

Вақтинча бошқа жойда бўлган шахслар эса ўз одатий яшаш манзили бўйича киритилган.

Кимлар масъул бўлган?

Президент Жорж Вашингтон умумий федерал назоратни амалга оширган.

Ҳар бир федерал суд округида АҚШ маршали рўйхатга олиш учун масъул этиб белгиланган.

Маршал ёрдамчи маршалларни тайинлаган.

Ёрдамчилар махсус қасамёд қилган ва барча шахсларни тўлиқ ва адолатли рўйхатга олишга мажбур бўлган.

16 ёшдан ошган ҳар бир шахс ҳаққоний маълумот беришга мажбур бўлган. Акс ҳолда 20 доллар миқдорида жарима қўлланилган.

Қандай саволлар берилган?

Рўйхатга олишда қуйидаги маълумотлар йиғилган:

- оила бошлиғининг исми;

- 16 ёш ва ундан катта эркин оқ танли эркаклар сони;

- 16 ёшгача бўлган эркин оқ танли эркаклар сони;

- барча эркин оқ танли аёллар сони;

- барча бошқа эркин шахслар (эркин афроамерикаликлар);

- қуллар сони.

Рўйхатга олиш қоғоз шаклида амалга оширилган. Рўйхат варақларининг ўлчами тахминан 10 сантиметрдан 90 сантиметргача бўлган.