Анъанавий ва идоравий - аҳолини рўйхатга олишнинг ушбу усуллари нимаси билан фарқ қилади?

БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тавсиясига кўра, аҳолини рўйхатга олиш бўйича асосан бир нечта ёндашувлар мавжуд.

Жумладан, анъанавий усулдан асосан респондент билан бевосита боғланиб, сўровнома (электрон ёки қоғоз шаклда) тўлдириш орқали амалга оширилади. Мазкур рўйхатга олиш сўровномаси ҳар йили янгиланиб боради. Ушбу усулнинг афзалликлари аниқ бир даврда аҳоли тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар ва ҳудудлар ҳамда категориялар бўйича турли хил маълумотлар шаклланишида намоён бўлади. Иш ҳажмининг ва харажатлар миқдорининг кўплиги, иш кучи ва юқори малакали рўйхатга олувчиларнинг талаб этилиши бу усулнинг камчиликлари саналади.

БМТ Статистика комиссияси маълумотларига кўра, 2010 йил аҳолини рўйхатга олиш даврида Африка ва Лотин Америкаси минтақаси, Осиё, Шимолий Америка, Европа минтақаларида кўпгина давлатлар анъанавий усулдан фойдаланган.

Иккинчиси, идоравий маълумотлардан фойдаланиш усули ҳисобланади. Бу турли идораларда мавжуд бўлган электрон маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Унинг ижобий жиҳатлари камхаржлиги ва аҳолини рўйхатга олиш даврийлигини ўзгартириш имконияти мавжудлигида кўринади. Мазкур усулнинг камчилиги - узоқ муддат талаб этилиши, идоравий маълумотлар таркиби турличалиги сабабли, давлатлараро солиштиришда қийинчиликларга дуч келиши ва қонунчиликда ўзгаришлар идоравий маълумотлар ўзгаришига сабаб бўлиши билан таснифланади.

Дилмурод КАРАЧАЕВ,

Самарқанд шаҳар статистика бўлими етакчи мутахассиси.