Чорва моллари орасида “маймунчечак” тарқалдими?

Шу кунларда чорва моллари орасида ушбу касаллик кўпаяётганлиги тўғрисида хабарлар тарқаляпти. Бу хабар қанчалик ҳақиқатга яқин?
Шу ва бошқа саволларга вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳамдам Умаровдан жавоб олдик.
- “Маймунчечак” билан ҳайвонлар касалланмайди. Бу мутлақо асоссиз ва асосан мол савдоси билан шуғулланувчи даллолларнинг уйдирма гаплари ҳисобланади. Бизда аввалдан бор бўлган “Гепадермотоз”, халқ тилида “Қадала” дейилади. Яъни, бу ҳашарот чақиши натижасида юзага келади. Ҳозир биз чорва молларини бундай касалликка қарши эмлаяпмиз, лекин сурункали шаклга ўтган бўлса, касаллик бевақт қўзғаляпти. Бу юқумли касаллик эмас. Баъзида чорва моллари нобуд бўлган ҳолатлар ҳам бор, лекин бу касалликдан эмас, балки бошқа сабаблар туфайли юзага келмоқда. Юқорида айтганимдек, ҳозир биз вилоятдаги 85 фоиз чорва молларини кана, бит ва ҳашаротга қарши эмлаб бўлдик.
Юқумлиликларга қарши чорва моллари, паррандаларни эмлаш учун давлат томонидан 9 турдаги вакцина бепул берилади. Ҳозир ҳам қорамоллар куйдирги, қутуриш, оқсил ва тери касалликларига қарши бепул эмланяпти. Агар юқорида санаб ўтилган касалликлардан бошқа касаллик учраса чорва эгаси зарур дориларни келтириб берса, ветеринария врачи бепул даволаб беради. Вилоятдаги маҳаллаларда чорва касалликларининг турлари, юқумлилик даражаси, бириктирилган ветврач, тумандаги ҳайвонларни ҳимоя қилиш шуъбаси ва туман ветеринария бўлими бошлиғининг исм шарифи ва уларнинг телефон рақамларини эълон қилганмиз.
Вилоятда 439 та ветеринария участкаси ташкил этилган ва қорамол бош сонига қараб ветврачлар бириктирилган. Куз мавсумида ҳудудий ветврачларимиз ноделяр дермати, оқсил, қутуриш касалликларига қарши эмлаш ишларини олиб бормоқда.
- Айрим маҳаллалар уч-тўртта қишлоқдан иборат ёки ҳудуд катта. Ветврачлар чорва молларини эмлаши ёки ҳудудга етиб боришида қийинчилик бўлмайдими?
- Шу ҳолатлар инобатга олиниб, вилоятнинг олис Қўшработ, Нуробод туманларида ишловчи ветврачларга 30 та мотоцикл тарқатилди. Ветврачларнинг ойлик маоши тоифаси, разрядига қараб 3-7 миллион сўмга етди.
Ҳозиргача вилоятдаги 300 минг бош қорамолга “бирка” тақилди, яъни рақамланди. Янги бузоқ туғилгандан 14 кун ўтиб чорва эгаси ҳудудий ветврачга хабар беради, врач чорва молига “бирка” тақади. Бу нима учун керак? “Бирка” тақилгандан сўнг электрон база шаклланади. Ўша “бирка” орқали чорва моли қачон, қайси касалликка қарши эмлангани, қандай вакцина қўллангани тўғрисидаги маълумотлар базада мавжуд бўлади. Кимдир шу чорва молини бозорда харид қилаётганда ҳам барча маълумотга эга бўлади.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ ёзиб олди.