Сенатда Самарқанд вилояти ёшлари бандлиги ва тадбиркорлигини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди

Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида Самарқанд вилоятида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати муҳокама қилинди.

 Мажлисда сенаторлар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари, экспертлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этди.

Қайд этилганидек, олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш мақсадида “Келажакка қадам” дастури доирасида 201 та лойиҳа учун 8,7 млрд сўм кредит ажратилган. Шунингдек, “Бизнесга биринчи қадам” дастури бўйича 174 та лойиҳага 1,7 млрд сўм, “Ёрқин келажак сари” дастури бўйича 7 та лойиҳага 5,9 млрд сўм кредитлар берилган.

Савдо-саноат палатаси, Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари, Касбий кўникмалар марказлари ва бошқа муассасаларда ёшлар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилмоқда. “Битирувчи ёшлар бандлик дастури” доирасида эса 37 810 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланган.

Шу билан бирга, муҳокамалар давомида соҳада қатор муаммолар мавжудлигига эътибор қаратилди. Хусусан, 2025 йилда рўйхатдан ўтган 3533 нафар якка тартибдаги тадбиркор ёшларнинг 1536 таси ўз фаолиятини шу йилнинг ўзида тўхтатган.

Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналаридаги 164 та инвестиция лойиҳасидан атиги 12 таси ишга туширилган, 110 тасида эса ишлар бошланмаган. Натижада режалаштирилган 1037 та иш ўрнидан бор-йўғи 37 таси яратилган бўлиб, уларнинг жуда кам қисми ёшлар ҳиссасига тўғри келади.

Шунингдек, вилоятдаги барча саноат зоналарида йўл инфратузилмасини яхшилаш, ичимлик суви билан таъминлаш ишлари ҳалигача якунланмаган.

Тижорат банклари вилоятдаги 129 та лойиҳа учун Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармасига буюртманома берган, бироқ шундан атиги 40 та лойиҳага маблағ ажратилган.

Касбий кўникмалар марказида “ваучер” асосида ўқитилган 2124 кишидан 1412 нафари, Хотин-қизлар тадбиркорлик марказида ўқитилган 7200 нафардан 4244 нафари, Савдо-саноат палатаси томонидан ўқитилган 523 нафардан 309 нафарининг бандлиги таъминланмаган.

Мажлис якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилиниб, унда ўрганиш давомида аниқланган муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар зиммасига вазифалар юклатилди.