Филиппинда мактаб ўқитувчилари докторантурада ўқиши шарт

Кейинги йилларда ўқувчиларга чет тилини янада яхши ўргатиш мақсадида мактабларга хориждан чет тили ўқитувчилари жалб қилиняпти. Бугун вилоятимизда 117 нафар хорижлик ўқитувчи мактабларда чет тили фанидан дарс бермоқда.

Тойлоқ туманидаги 14-умумий ўрта таълим мактабида филиппинлик Kateleen Rose Milla Comahid инглиз тилидан ассистент ўқитувчи сифатида фаолият олиб бормоқда. У уч йил ўз ватанида, беш йил турли мамлакатларда хорижлик фуқароларга инглиз тилидан дарс берган. У билан мактаб таълими ҳақида суҳбатлашдик.

- Kateleen Rose, сиз аввал ҳам Ўзбекистонда бўлганмисиз? Мактабларимизни қандай тасаввур қилгандингиз?

- Ўзбекистонда биринчи марта бўлишим, лекин келишимдан олдин Google’дан Ўзбекистон ҳақида маълумотлар билан танишганман. Мен Ўзбекистонни тарихга бой, қадимий давлат эканини билдим. Бу ерга келганимда маҳаллий аҳолининг самимийлиги, меҳмондўстлиги мени қувонтирди. Шу сабабли бу ерда яшаш ва ишлашимда муаммо бўлмади.

- Биздаги ўқитиш усулининг сизнинг давлатингиз мактабларидан қандай фарқли жиҳатлари бор?

- Иккала давлатнинг ўқитиш усулида катта фарқ кўрмадим. Сизнинг давлатингизда ҳам, бизнинг давлатимизда ҳам ўқувчилар марказда бўлиши жуда муҳим ҳисобланади. Мисол учун, бу ерда ҳам биздагидек анъанавий дарсдан кўра ноанъанавий дарс ўтиш муҳим экан. Ҳозирги замон талаби шундаки, мактабларда дарслар ноанъанавий тарзда ташкил этилмоқда. Авваллари мактабларда анъанавий тарзда дарс ўтилган бўлса, эндиликда ўқувчиларни йўқлама қилиш, уйга вазифани сўраш, янги дарс ўтиш кабилар ўйин тарзида ўтилади ва кўпроқ ўқитувчи эмас, ўқувчилар гапиради. Бир сўз билан айтганда, ўқувчилар дарс жараёнида марказда бўлади.

- Тойлоқдаги мактаб болаларининг дарсни ўзлаштириши, инглиз тилига қизиқиши қандай?

- Мен бир неча давлатларда дарс берганман, лекин ўзбекистонлик болаларда инглиз тилини ўрганишга бўлган қизиқиш юқори экан. Тўғри, мактабда шўх ўқувчилар йўқ эмас, бошқа давлатларда ҳам шўх ўқувчилар бўлади, лекин тойлоқлик ўқувчилар инглиз тилини яхши кўриб ўрганяпти. Айниқса, қуйи синф ўқувчилари чет тилини ўрганишга жуда қизиқади. Юқори синф ўқувчилари ҳам инглиз тилини яхши кўради, аммо 5-6-синф ўқувчиларида чет тилига қизиқиш кучлироқ. Мен ҳафтада икки кун дарсдан кейин тўгарак машғулотлари олиб бораман. Инглиз тилини янада яхшироқ ўрганишни истаган ўқувчилар тўгаракларга қатнашяпти.

- Филиппинда ўқитувчилар қандай ишга олинади? Фақат диплом билан ишга кирса бўладими?

- Бизнинг давлатимизда ўқитувчига дарс бериш учун бакалавр дипломидан ташқари лицензия, иш тажрибаси, сертификати ҳам бўлиши керак. Ўқитувчи лицензия олиш учун махсус имтиҳондан ўтиши лозим. Биргина бакалавр дипломи билан ишлай олмайди. 

- Бизда ўқитувчиларнинг малака тоифасига қараб иш ҳақи кўтарилиб боради. Сизларда-чи?

- Филиппинда мактаб ўқитувчилари магистратура ва докторантурага ўқиши муҳим ҳисобланади. Педагог магистратура ва докторантурада ўқиган ва кўп сертификатларга эга бўлса, юқори маош олади. Бизда мактаб ўқитувчиларининг докторантурага ўқиши давлат томонидан мажбурий   қилиб қўйилган. Мен айни пайтда магистратурада онлайн ўқияпман, мактабдаги дарслардан кейин ўқишимга вақт бўляпти. Ўзбекистонга келмасимдан олдин Вьетнамда инглиз тилидан дарс бердим, у ерда ишлаганимда ўқишимга вақтим бўлмасди.

- Сизнинг мамлакатингизда мактаб битирувчилари олий таълим муассасасига қандай қабул қилинади?

- Бизда давлат ва хусусий университетлар бўлиб, давлат олий таълим муассасасига махсус тест синовларидан ўтганлар талабаликка қабул қилинади. Хусусий олий таълим муассасаларига контракт пулини тўлаб ўқийди. Агар талаба ўқиши давомида яхши ўқиса, стипендияга эга бўлади. Масалан, мен ҳам талабалигимда яхши ўқиганим учун стипендия соҳиби бўлганман. Агар талабанинг билими яхши бўлмаса, у контракт пули тўлаб ўқийди.

- Ўқувчилар чет тилини яхши ўзлаштириши учун сиз қандай методдан фойдаланасиз?

- Ўқитувчи ўқувчиларнинг даражасига қараб дарс ўтиши, ҳар бир ўқувчига табиатидан келиб чиқиб, алоҳида-алоҳида ёндашиши ва бир хил ўқитиш методидан қочиш, яъни ҳар хил усуллардан фойдаланиб дарс ўтиш тарафдориман.

- Келганингиздан буён байрамларимиз ёки тўй-томошаларимизда қатнашдингизми?

- Бир марта тўйда меҳмон бўлдим. Ҳақиқатда бошқа миллат тўйларида иштирок этса, янгича маданият ўрганиш мумкин. Бизда илгари худди сизлардагидек дабдабали тўйлар ўтказиларди. Ҳозирги кунга келиб, молиявий харажатларни ҳисобга олган ҳолда тўйларимиз тор доирада ташкил этилади. Тўйлар ёшларнинг хоҳишига қараб бирон оролда, манзарали жойда ёки черковда бўлиши мумкин. 

- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Хуршида Эрназарова суҳбатлашди.