Вилоят ҳокимининг биринчи ўқитувчиси ким?
Ҳар бир инсоннинг хат-савод чиқариши, дунёқараши шаклланиши, шахс сифатида юзага чиқишида устоз-муаллимларнинг хизмати катта. Бугун жамиятда, халқ орасида обрў қозонган раҳбарлар, юқори мартабага эга машҳурлар ҳам илк сабоқни муаллимдан олган. Хўш, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовни бошланғич синфда ким ўқитган, ҳоким илк таҳсилни қаерда олган?
Қўшработлик Бўрибой Товбоев Чиммос қишлоғида туғилган ва шу қишлоқдаги 57-умумтаълим мактабида таълимни олган. Сўнгра ўзи ҳам ўқитувчи бўлиб
33 йил бошланғич синф ўқувчиларига дарс берган.
“Икки хонада тўртта синф ўқувчилари ўқирди”
– 1955 йил Чиммос қишлоғидаги 57-мактабнинг биринчи синфига ўқишга борганман, - дейди отахон. – Бошланғич синфда ўзи иккита хона бор эди, лекин тўртта синф ўқувчилари икки навбатда ўқирдик. Ўша вақтларда раҳматли Алим Ҳошиев ва Жўлибой Шакаров устозларимиз ўқитган бизни. Шу даврдаги ҳаёт, мактаблардаги шароит ва муаллим бўлиш орзуси сабабли бир нечта мактабда таҳсил олишимга тўғри келган. Бошланғич синфни битиргач, биз яшайдиган қишлоқдан анча узоқда жойлашган Қўрғон қишлоғидаги мактабда таҳсил олдим. 1960 йилда ўзимизнинг Чиммос қишлоғида янги очилган мактабда ўқидим. Кейинчалик Жўш қишлоғидаги 56-мактабга ўқишим кўчди ва 1966 йилда 11-синфини битирдим.
Мактабни битириб, Каттақўрғондаги педагогика техникумига ўқишга кирдим. Техникумда бир йил ўқиганимдан кейин армияга олиб кетишди. Армияда икки йил хизмат қилиб қайтгач, техникумдаги ўқишни давом эттирдим ва 1973 йилда битирдим. Бир неча марта олийгоҳга ўқишга киролмадим. Чиммосдан қарийб 30 километр узоқликда жойлашган Нурота районидаги Қовунчи қишлоғидаги мактабда икки йил, 45-мактабда бир йил ва 64-мактабда 20 йил бошланғич синф ўқувчиларига дарс бердим. Кейин 1994 йилдан пенсияга чиққунга қадар 41-умумий ўрта таълим мактабида ишладим.
Шогирд дегани ҳоким, ўқитувчи, қурувчи, тадбиркор... бўлса
Беш ўғил, икки қизнинг отаси, ўн олти неваранинг суюкли бобоси Бўрибой ота фарзандларини олий маълумотли, уйли-жойли қилган. Шогирдлари орасида ҳоким, ўқитувчи, қурувчи, тадбиркор, фермер, халқ қабулхонаси мудири сифатида фаолият кўрсатмоқда.
- Шогирдларимнинг аксарияти олий маълумотли, турли соҳаларда ишлайди, - дейди Бўрибой Товбоев. - Тумандаги 64-мактабда ишлаган вақтларим вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бошланғич синфга келган эди. Тарбияси, билими, характери билан бошқа ўқувчилардан ажралиб турарди. Аъло боҳоларга ўқирди, ҳар йили фахрий ёрлиқлар оларди. Мана, меҳнатлари бесамар кетмади, вилоятни бошқаряпти. Эркинжон ва бошқа шогирдларим мени доим йўқлаб туради, айниқса, ҳар байрамда келиб табриклайди. Шогирдларимнинг жамиятдаги ўрни, эришаётган ютуқлари ва менга муносабатидан мамнунман. Яқинда ўқув йили бошланиши олдидан Эркинжон билан дилдан суҳбатлашдик, мактаб даврларини эсладик. Ишларининг ривожини берсин.
“Меҳнатларим эътироф этилганидан хурсандман”
Бўрибой ота таълим соҳаси фидойиси, жонкуяр устоз. Ҳозир ҳам маҳалла ёшларига ўзининг ибратли ҳаёти, бой тажрибаси билан ўрнак бўлиб келмоқда. Муаллимнинг кўп йиллик меҳнатлари инобатга олиниб, I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган.
- Умримни ёшлар таълим-тарбиясига бағишладим, бу меҳнатларим эътироф этилганидан хурсандман, - дейди Бўрибой Товбоев. – Ҳозир ўқийман, ишлайман, дейдиганлар учун юртимизда барча шароит яратилган. Бу имкониятдан унумли фойдаланиш керак. Меҳнат қилган, изланган, ўз устида ишлаган одам кам бўлмайди, эл орасида обрў топади.
Фазлиддин Рўзибоев.