Репетиторлиги учун пул олмайдиган ўқитувчи
У беминнат репетиторлик қилади. Тўлов талаб қилмайди. Ўқитувчиликнинг машаққатларини бошидан кечирган, аммо барчасига сабр қилган. 10 га яқин фан доктори, 700 дан зиёд шифокор, биргина Кадан қишлоғидан 40 нафар кимё ва биология ўқитувчиси етишиб чиқишига муносиб ҳисса қўшган.
Каттақўрғон тумани 15-умумий ўрта таълим мактабининг олий тоифали биология фани ўқитувчиси, халқ таълими аълочиси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Дилфуза Низомова билан суҳбатлашдик.
- Ўқитувчи бўлиш орзуингизмиди ёки?..
- Аслида ўқитувчи эмас, шифокор бўлишни хоҳлаганман. Шунинг учун мактабда биология ва кимё фанларини яхши ўзлаштирганман. Мактабни битираётганимда кўричак хасталиги билан шифохонага тушиб қолганим сабабли олий таълим муассасасига кириш имтиҳонларида қатнаша олмаганман. Кейинги йили онам менга Самарқанд давлат университети биология факультетига ҳужжат топширишимни маслаҳат берди. Унинг нима афзаллиги бор, деганимда онам кулимсираб, университет бинолари тангадек офтоб нури тушмайдиган соя-салқин хиёбон атрофида жойлашганлигини айтганди. Онамнинг шу гапидан кейин ўша пайтда Алишер Навоий номи билан аталадиган Самарқанд давлат университетига ҳужжат топширдим ва талаба бўлиш бахтига муяссар бўлдим. 1991-йилда олийгоҳни қизил диплом билан тугатдим. Ўша йили Самарқанд давлат университети биология факултетини 48 нафар талаба битирган бўлса, фақат мен аспирантурада ўқишни давом эттириш ва шу факултетда ишлаш имкониятига эга бўлганман. Аммо тақдир экан, ўзим туғилиб ўсган қишлоққа келин бўлдим ва 15-умумтаълим мактабида биология фани ўқитувчиси бўлиб ишлай бошладим.
- Аспирантура, илмий изланишлар нима бўлди?
- Ўша вақтларда қалбимда улкан иштиёқ оловланиб турарди. Гўдаклигимдаёқ ота-онам менинг олима бўлишимни истаб, бешигим ёстиқчаси остига китоб қўйган экан. Шунинг учун бўлса керак, мактабда бошланғич синфларда саводим чиқа бошлаши билан эртак китоблар ўқиганман. Шу-шу бўш вақтим бўлса, қўлимга бадиий китоб олишни одат қилганман. Хуллас, ота-онам орзу қилгандек олима бўлиш ниятида эдим. Тақдир тақозоси билан қишлоққа қайтгач, илмий изланишларни мактабда давом этдирдим. Қишлоқда туман марказий дорихонаси лабораториясининг эски ускуналаридан фойдаланиб, ўқувчиларим иштирокида эшакмия (аччиқмия) ўсимлигининг илдизидан табиий бўёқ, финонларни олиш устида иш олиб бордик ва уддасидан чиқдик. Ўқувчим Манзура Рўзимуродова шу иш билан республика иқтидорли ўқувчилар танловида қатнашиб, ғолиб бўлди. Натижада мен 2003-йилда “Халқ таълими аълочиси” унвони билан тақдирландим.
- Шу кунларда одамлар орасида мактабда олган билим билан талаба бўлиш қийин, деган гап-сўзлар кўп тарқалган. Бунга сиз нима дейсиз?
- Ҳақиқатдан ҳам, биз мактаб ўқитувчилари таълим беришда сидқидилдан меҳнат қилмас эканмиз, шу каби гап-сўзларнинг нишонига айланиб қолаверамиз. Ўзимни мақтамоқчи эмасман, мактабда дастлаб фаолият бошлаган пайтларимда атрофимга озгина бўлса-да, билим олишга қизиқувчи ўқувчиларни тўплаганман. Мақсадим мактабда олинган билим билан ҳам олий ўқув юртига кириш мумкинлигини исботлаш эди. Натижага эришганман ҳам. 32 йиллик ўқитувчилик фаолиятим давомида кўплаб шогирдларга сабоқ бердим. Улар орасида 10 нафарга яқин фан доктори, хусусий клиника раҳбарлари бор. Шунингдек, шогирдларимнинг 700 нафардан ортиғи бугун турли тиббиёт муассасаларида шифокор бўлиб меҳнат қилмоқда. Ўзим яшайдиган Кадан қишлоғида 40 нафар биология ва кимё фани ўқитувчиси бўлган шогирдлар тайёрлаганман.
- Сиз репетиторлик ҳам қиларкансиз, аммо ўқувчилардан тўлов талаб қилмас экансиз. Шу тўғрими?
- Аслида бу саволингизга жавоб бериш мен учун осонмас. Ўнг қўлинг берган нарсани чап қўлинг билмасин, деган гап бор халқимизда. Мактабда бир синфхонада 30-40 нафар бола бўлса, уларнинг қизиқишлари ҳар хил бўлади. Масалан, кимё ва биология фанига қизиқувчан ўқувчилар кўп. Айрим оилалар қайсидир ўқув маркази ёки репетитор учун тўлов қилишга имконияти бўлмаслиги мумкин. Ана шундай ўқувчиларни ўзим излаб топаман ва бепул дарс ўтишимни тушунтираман. Баъзан уларнинг бепул бўлса ҳам ўқишига рухсат бермаган ота-оналарга илтимос қилишимга тўғри келган. Айнан шундай оилаларнинг фарзандлари кўпроқ яхши натижа кўрсатяпти. Биласизми, болада иқтидор борлигини била туриб, унга кўмаклашмасангиз, бу – гуноҳ!
- Ўқитувчиликдан чарчаган вақтларингиз ҳам бўлганми?
- Ҳа, бўлган, албатта. Ҳам мактаб дарслари, ҳам қўшимча тўгараклар, қолаверса, рўзғор юмушлари сабаб жисмоний ва руҳий чарчоқлар бўлган, аммо шогирдларим фан олимпиадалари ва танловларда ғолиб бўлганида, уларнинг олий ўқув юртларига кирганини эшитганимда барча чарчоқларим унут бўлади. Лекин ўқитувчиликнинг унутилмайдиган азоблариям бўлган. Бир пайтлар пахта йиғим-терими, кўчаларни ободонлаштириш каби юмушларга жалб этилганимизда ўқувчиларимизнинг таълим-тарбиясига эътибор сусайиб қолганини эсласам, юрагим оғрийди.
- Ўтган ўқув йилида мактабни тамомлаган шогирдларингиз ва уларнинг олий ўқув юртига кириш кўрсаткичлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
- 2022-2023-ўқув йилида мактабни битирган 14 нафар шогирдим мамлакатимиздаги нуфузли олий таълим муассасаларига ҳужжат топширди. Уларнинг 10 нафари талабаликка тавсия этилди. 6 нафари айнан тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларига ўқишга кирган. Қувонарлиси, уларнинг аксарияти эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларидир.
- Сидқидилдан қилинган ҳалол меҳнат мукофотсиз қолмайди.
- Тўппа-тўғри. Аввало, кўксимдаги мукофотлар, “Халқ таълими аълочиси”, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишонлари ва “Меҳнат шуҳрати” ордени 32 йиллик ўқитувчилик фаолиятимнинг самараси. Бундан ташқари, жамиятимиз энг зўр шифокорлар, фарматсевтлар, фидойи ўқитувчилар билан таъминланишида менинг ҳам озгина ҳиссам борлигидан бахтиёрман. Эртага невараларимнинг устози, ўзим ва яқинларим, юртдошларимга тиббий хизмат кўрсатадиган шифокорлар бугун мен таълим бераётган шогирдларим эканлигини ҳис этиб, меҳнат қилдим ва улар ишончимни оқлаяпти. Устоз учун бундан ортиқ мукофот бўлмаса керак.
- Мазмунли суҳбат учун ташаккур!
Тўлқин СИДДИҚОВ суҳбатлашди.