162 нафар самарқандлик ўқитувчи 5 миллион сўмдан ортиқ қўшимча устама оладиган бўлди
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги «Халқ таълими вазири жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига кўра, 2022 йил декабрь ойида вазир жамғармасидан ойлик устама тўланадиган малакали педагог кадрларни саралаш синовлари ўтказилди.
Синовларнинг дастлабки босқичида самарқандлик 418 нафар даъвогар педагог иштирок этиб, уларнинг 163 нафари 80 баллдан юқори натижани қўлга киритди. Натижада улар танловнинг иккинчи босқичига йўлланма олган эди.
Яқинда вилоятда вазир жамғармаси устамаси учун ўтказилган танловнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Касбий маҳоратни баҳолаш бўйича ўтказилган суҳбат жараёнида 162 нафар ўқитувчи иштирок этиб, уларнинг барчаси юқори натижаларни қўлга киритди. Танлов натижаларига кўра, 162 нафар малакали педагог жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб, 9 ой давомида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдорида (бугунги кунда 5 млн. сўмдан ортиқ) ҳар ой устама тўланади.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати.