Мактабда дарс бериш осонми ёки қийин, педагоглар нимадан норози?
Бугун кўпчилик ёшларнинг мактабда яхши ўқимаслиги, етарли билим олмаслигига ўқитувчиларни айбдор санашади. Ҳақиқатда ҳам ўқувчиларнинг билим олишга қизиқмаслигига ўқитувчи айбдорми? Балки масаланинг бошқа томонлари бордир?
Келинг, педагогларни ҳам эшитиб кўрайлик, ёшларнинг таълим олишга қизиқмаслиги сабабини улар қандай изоҳлашади? Улар исм-шарифларини ошкор қилишни истамагани учун, фақат муаммоларнинг ўзини ёзишга қарор қилдим.
- Таълим тўғрисида кунда битта қонун чиқиб асабни бузяпти, - дейди олий тоифали ўқитувчилардан бири. - Топшириқлар кўп, бунинг устига кечгача дарсда бўламан. Ҳали беллашув қил, очиқ дарс қил, тақдимот қил, дейди. Ишонасизми, бош қашишга вақтим йўқ. Телевизор ҳам кўрмай қўйдим. Кетма-кет назорат ишлари, дафтар текшир каби юмушлар билан кеч бўлганини билмай қоламан. Ўз устимизда ишлашга вақт бўлмаяпти, аслида биздан сўралиши керак бўлган нарса шу. Ўқитувчига ортиқча топшириқлар берилаётгани боис асосий масала энг охирги ўринга тушиб қолган. Қанийди, биздан фақат дарсни пухта ўтиш сўралса. Қолган вақтимизни ўз устимизда ишлашга сарфлардик.
Муаллиманинг бундай фикрларини эшитгач, демак, ҳамма айбни ўқитувчига ағдариш адолатдан эмаслигини тушундим. Яқинда бир ёш ўқитувчи таҳририятимизга келди, ёзиб келган мақоласи ҳақида бироз суҳбатлашдим.
- Нуробод туманиданман, математика фанидан дарс бераман, - деди ўқитувчи. – Мактабга катта иштиёқ билан ишга кирдим, ўзимча ҳамма болани аъло баҳога ўқитаман, деган ниятда эдим. Аммо кўп ўтмай ҳафсалам пир бўлди, чунки ҳозирги болалар ўқишга қизиқмас экан. Номига келиб кетадиган ўқувчиларга дарс ўтгинг ҳам келмай қоларкан.
- Ҳам мактабда, ҳам ўқув марказда дарс бераман, - деди таксида бир йўловчи йигит. – Энди мактабни ташлаб, бутунлай ўқув марказга ўтиб кетмоқчиман. Сабаби, ўқув марказда ўқитувчига мактабдан кўра яхши маош берилади. Бундан ташқари, мактабда ишлаш жуда қийин, ота-оналар фарзандининг ўқишига қизиқмайди, аммо ҳар куни боламни уришибди, деб устингиздан арз қилиб келади. Болангиз дарс қилмайди, ўқишга умуман қизиқмайди десам, буёғи билан ишинг бўлмасин, дейди. Ўқув марказга эса ҳеч бир ота-она боламни уришибсан, деб келмайди.
- Ассалому алайкум, мен таҳририятга тушдимми? – дейди ўзини ўқитувчиман деб таништирган аёл. – Мактабимизда ота-онаси хорижга кетган болалар кўп, улар қариндошларининг қўлида қолган. Табиийки, қариндошлар бола билан ота-онадек ҳар куни дарс қилмайди, фақат қорни тўқ, усти бут бўлса бўлди. Ота-онаси хорижда бўлган болаларни билим олишга қизиқтириб бўлмайди. Шунингдек, ажрашган оилаларнинг болалари ҳам мактабда яхши ўқимайди. Суриштирсангиз онаси ажрашгач, болаларини қариндошларига қолдириб, ўзи хорижга кетган бўлади. Бундай болаларнинг ўй-фикрлари, дунёқараши ҳам бошқача бўлади. Шу мавзуда мақола ёзсам дегандим, зора ота-оналар қаерда хато қилаётганини тушунса.
- Ишимни ўзгартирмоқчиман, - дейди ёшгина рус тили ўқитувчиси. – Мактабда босим кучли экан, мен фақат дарсимни ўтсам бўлди, дегандим. Кераксиз топшириқлардан безор бўлдим. Бунинг устига мактабда мукофот пули деган нарса йўқ, бирор байрамда ўқитувчи рағбатлантирилмайди. Ҳолбуки, бошқа корхона ва ташкилот ходимлари байрамларда мукофот пули олади.
Мактаб ўқитувчиларининг бундан ташқари ҳам бир талай муаммоси бор.
- Ҳамма педагоглар ёзги таътилни интизорлик билан кутади, - дейди она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси. – Чунки, мактабда 30-40 нафар ўқувчига дарс бериш, уларни тартибга чақириш, тадбирларга тайёргарлик кўриш ўқитувчиларни чарчатади. Тўғри, таътил берилгани билан ўқитувчилар ҳар куни мактабга бир кўриниб кетиши керак, тартиб шунақа. Бунинг устига ҳар бир ўқитувчи ўзининг хонасини ўзи таъмирлайди. Мактабимизда ўқувчилардан пул йиғиш тўхтатилгач, бу муаммо педагогларнинг зиммасига юклатилган. Нимаям дердик, ўзимиз уста топиб, хонамизни таъмирлатамиз. Бу маблағга чарчаб кетган асабларимизни дам олиш сиҳатгоҳларида даволатсак қани эди.
- Ҳозирги кундаги ўқитувчилар учун энг катта муаммо ‒ kundalik.com, - дейди бошқа бир ўқитувчи. - Интернет алоқасининг сустлиги ёки электр энергиясидаги узилишлар сабаб гарчи мактабларга оптик толали интернет етиб борган бўлса ҳам Wi-Fi ишламай қолади. Шу нарса туфайли kundalik.comга киритилган баҳолар сақланиб қолмайди. Натижада ўқитувчининг электрон журналини юритиш фоизи пасайиб, мактаблар “қизил”га тушиб қоляпти.
Халқ орасида: “Ўқитувчининг тупроғи енгил”, деган гап бор. Ижтимоий тармоқларда ўқитувчининг жазавага тушгани видеоси тарқалса, ҳеч ким ўқитувчини шу даражагача олиб борган сабабни кўрсатмайди-ю обуначиларини кўпайтириш учун зиддиятнинг авж нуқтасини ёритишга ҳаракат қилади. Ўқувчи камида ўттизта тенгдоши олдида ўқитувчисига гап қайтарса, унга устози қандай жавоб бериши керак?
Японияда ўқитувчининг соясини босиб ўтиш ҳам уят, жиноят деб ҳисобланаркан. Бизда эса сояси тугул ўзини ҳам босиб-янчиб ўтиб кетиш ҳолларига дуч келяпмиз.
***
Бугун таълим тизими қуйидан юқорига қадар ислоҳ қилинмоқда. Аслида педагоглар фикрларига қулоқ тутилса, уларнинг муаммолари тингланса ва ечим топилса, мана шу адолатли ислоҳот бўларди.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.