ННТ фаолиятига қонунга зид аралашиш БҲМнинг 10 бараваригача жаримага сабаб бўлади

Қонун ҳужжатларига киритилган қўшимчаларга кўра, давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш: БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.

Шунингдек, киритилган қўшимчаларга кўра, жамоатчилик назорати натижаларига кўра, қонунчиликда назарда тутилган шаклларда жамоатчилик назорати субъектлари томонидан тайёрланган якуний ҳужжатни кўриб чиқмаслик ёки кўриб чиқиш муддатини узрли сабабларсиз бузиш: мансабдор шахсларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши кўзда тутилди.

Бундан ташқари, ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартиби аниқ белгиланди. Унга кўра, ҳомийлик хайрияларини йиғиш муайян ҳомийлик олувчиларнинг манфаатларини кўзлаб, олдиндан эълон қилинган муддат давомида амалга оширилади.

Ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартибини бузиш фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.

Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди вилоят бўлими, вилоят адлия бошқармаси, ЎзННТМА вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ўтказилган ўқув семинарда қонунчиликдаги шу янгиликларга батафсил тўхталиб ўтилди.  

Семинарда вилоят солиқ, статистика, прокуратура, суд тизими ННТлари вакиллари иштирок этди.

- Мазкур семинарни ўтказишдан асосий мақсад, нодавлат нотижорат ташкилоти вакилларини “Ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича чора-тадбирлар режаси билан батафсил таништириш бўлди, - дейди Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди вилоят бўлими раҳбари Достон Маликов. -  Шунингдек, иштирокчиларга “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ижросини таъминлаш юзасидан олиб борилган ишлар бўйича маълумотлар тақдим этилди. Эълон қилинган давлат гранти ва давлат ижтимоий буюртмаси танловларида иштирок этиш учун ngo.gov.uz платформасидан фойдаланиш тартиби ва шартлари тўғрисида маълумотлар берилди.  

Тадбир давомида ННТ вакилларининг муаммолари ва мурожаатлари тингланди.