Тўғри қарор, манзилли дастурлар тайёрлаш ва барқарор ривожланишни таъминлаш учун муҳим жараён

Мамлакатимизда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг иккинчи босқичи — анъанавий, яъни хонадонма-хонадон юриб маълумот тўплаш жараёнлари давом этмоқда.

Жараёнда юзага келаётган айрим саволлар бўйича изоҳ ва тушунтиришлар бериб борилмоқда.

Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш нима учун керак ва у аҳолига қандай фойда беради?

- Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш орқали ҳар бир ҳудудда қандай маҳсулотлар етиштирилаётгани ва улар аҳолининг эҳтиёжини қай даражада қондира олаётгани аниқланади. Масалан, қайси ҳудудда сабзавот ёки гўшт-сут маҳсулотлари камлиги, қаерда эса улар кўп етиштирилаётгани аниқ кўринади.

Шу маълумотлар асосида давлат ресурсларни манзилли тақсимлайди: қаерда қўшимча сув таъминоти, техника, субсидия ёки бошқа қўллаб-қувватлаш чоралари зарурлиги белгиланади. Натижада ҳар бир ҳудуд имкониятларидан самарали фойдаланиш ва аҳолини озиқ-овқат билан барқарор таъминлаш учун аниқ режалар ишлаб чиқилади.

Халқаро амалиётда, жумладан, БМТ тавсиясига кўра, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирлари ҳар 10 йилда ўтказилиши белгиланган. Бироқ айрим давлатлар қишлоқ хўжалигини 5 йилда бир рўйхатга олади. Сабаби, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи доимо долзарб. Мамлакатда қайси турдаги маҳсулотлар етиштирилаётгани, улар ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаяптими ёки ортиқча ҳажм мавжудми — шу каби саволларга аниқ жавоб олиш зарур. Агар айрим маҳсулотлар ортиқча ишлаб чиқарилса, уларни экспортга йўналтириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилади.

Яъни, қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш — нафақат статистик ҳисоб, балки озиқ-овқат хавфсизлиги, иқтисодий барқарорлик ва ҳудудий ривожланиш учун стратегик аҳамиятга эга жараёндир.

Ҳурматли юртдошлар!

Рўйхатга олиш жараёнларида фаол иштирок этиб, ўзингиз ва оилангиз ҳақида тўғри ҳамда тўлиқ маълумот тақдим этишингизни сўраймиз.

Чунки ҳар бир аниқ маълумот — келгусида тўғри қарорлар қабул қилиниши, манзилли дастурлар ишлаб чиқилиши ва барқарор ривожланишни таъминлаш учун мустаҳкам асосдир.