Якшанба кунидан юртимизда об-ҳаво салқинлашади

Ўзгидромет хабарига кўра, 24-25 сентябрь кунлари Ўзбекистонда қуёшли ва жуда илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Кундузи ҳарорат +32...+34 даражагача кўтарилади, бу ушбу кунлар меъёридан 4-6 даража юқори ҳисобланади.

26 сентябрь куни республика ҳудудининг катта қисмида илиқ ҳаво массаларининг кириб келиши сақланиб туради, кечаси ҳарорат +15...+17 даражани, кундуз куни +35...+37 даражани ташкил этади.

Якшанба куни республиканинг шимолий ҳудудларига Волгабўйи ҳудудларидан салқин ҳаво кириб келиши бошланади. Кечга томон Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятининг баъзи жойларида бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечаси +7...+12 даражагача, кундуз куни +20...+25 даражагача пасаяди.

Душанба куни салқин ҳаво Ўзбекистоннинг барча ҳудудига тарқалади. Республика бўйича ҳарорат фони кескин пасаяди ва ҳафтанинг биринчи ярми давомида кундуз кунги ҳаво ҳарорати +23...+27 даража, кечаси +12...+15 даража атрофида бўлади.

26-27 сентябрь кунларида салқин ҳаво массасининг кириб келишида булутли қатламлар кўпаяди ва баъзи жойларда шамол 15-20 м/с гача кучаяди. Ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳаво ҳароратининг янада пасайиши кутилмоқда.