“Яшил Самарқанд” бренди амалга оширилади, жамоат транспорти электр транспортига ўтказилади
Президент Шавкат Мирзиёев чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарларда “яшил шаҳар” тамойилларини жорий этиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда 2040 йилгача чўлланишга қарши курашиш стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуслари илгари сурилди.
Қайд этилишича, Самарқанд шаҳрининг тарихий-маданий мероси, Буюк ипак йўлидаги ўрни, халқаро туризм маркази сифатидаги салоҳияти, стратегик географик жойлашуви ҳамда мавжуд сув ва транспорт инфратузилмасини инобатга олган ҳолда уни Марказий Осиёда экологик барқарор, иқлимга мослашган ва замонавий “яшил шаҳар” намунасига айлантириш назарда тутилмоқда.
Шунга мувофиқ, тақдимотда шаҳарлар экологик барқарорлигини таъминлаш бўйича “Green Samarkand" модели кўриб чиқилди.
Мазкур модель доирасида 2030 йилга қадар Самарқанд шаҳрида аниқ экологик кўрсаткичларга эришиш белгиланган. Жумладан, атмосферага чиқарилиши мумкин бўлган 51,2 минг тонна зарарли ташламаларнинг олдини олиш, саноат ва энергетика объектларида чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш орқали ПМ2.5 ва ПМ10 заррачаларини 50 фоизга камайтириш, қурилиш объектларидан чиқадиган чанг миқдорини 80 фоизга, транспорт воситаларидан чиқадиган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини 50 фоизга қисқартириш, чиқинди полигонлари ҳажмини 2 баробар камайтириш ҳамда аҳоли яшаш пунктларида яшил ҳудудлар улушини ўртача 30 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Лойиҳани амалга ошириш учун вилоят ҳокимлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси иштирокида “Яшил Самарқанд” лойиҳа офиси ташкил этилади. Ушбу офис шаҳарсозлик, экология, транспорт, қурилиш, туризм, саноат ва коммунал хизматлар соҳаларида белгиланган тадбирларни ягона тизимда мувофиқлаштиради.
Самарқанд шаҳрида махсус экологик-шаҳарсозлик режими жорий этилиб, янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган объектлар учун “яшил қурилиш” талаблари мажбурий этиб белгиланади. Бунда энергия ва сув тежамкор технологиялардан фойдаланиш, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш тизимларини жорий этиш, ресурс самарадорлигини ошириш ҳамда экологик талабларга жавоб бермайдиган объектларни фойдаланишга қабул қилмаслик амалиёти йўлга қўйилади.
Транспорт соҳасида Самарқанд шаҳрини экологик тоза ҳаракатланиш моделига ўтказиш назарда тутилган. Бунинг учун 50 та замонавий катта сиғимли электробус харид қилиш, чорраҳаларда 150 та янги светофор ўрнатиш, 2030 йилга қадар жамоат транспорти ва такси хизматини тўлиқ электр транспортига ўтказиш чоралари кўрилади. Шу билан бирга, “Park & Ride” тизими жорий этилиб, пиёдалар ҳаракати устувор бўлган яшил туристик ҳудудлар ташкил қилинади, шаҳар марказига шахсий автотранспорт кириши босқичма-босқич камайтирилади.
Сув ва “яшил” инфратузилмани ривожлантириш мақсадида Самарқанд шаҳрида камида 4 та, вилоят туманлари марказларида эса камида биттадан сунъий кўл ва сув ҳавзалари ташкил этилади. Самарқанд шаҳрида қўшимча 10 та янги фаввора қурилиб, мавжуд фавворалар инфратузилмаси модернизация қилинади. Шунингдек, умумий узунлиги 319 километр бўлган ариқлар тизими қурилади ва тикланади.
Шаҳар атрофида ҳимоявий “яшил” инфратузилмани шакллантириш мақсадида “Янги катта ҳалқа йўли” бўйлаб узунлиги 102,7 километр, умумий майдони 3532 гектар бўлган “яшил белбоғ” барпо этилади. Ушбу белбоғ чанг ва иссиқ ҳаво оқимларини камайтириш, атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш, шаҳар атрофида табиий ҳимоя зонасини яратиш ҳамда иқлимга мослашув чораларини кучайтиришга қаратилган.
Шаҳарсозлик йўналишида 300 гектар майдонда “Green City Samarkand” ҳудудини ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу ҳудудда турар жой, офис, хизмат кўрсатиш, туризм ва жамоат инфратузилмаси объектлари халқаро “яшил шаҳар” стандартлари асосида барпо этилади.
Саноат объектларининг экологик таъсирини камайтириш учун “яшил саноат зонаси” ҳудудида энг мақбул технологиялар, “Zero Visible Emission” ва рақамли экологик мониторинг тизимлари босқичма-босқич жорий этилади. Мавжуд саноат зоналари атрофида “яшил белбоғ”лар ташкил этилади ҳамда аҳоли соғлиғига жиддий хавф туғдириши мумкин бўлган I ва II тоифага мансуб 8 та саноат корхонасини шаҳар ҳудудидан ташқарига кўчириш чоралари кўрилади.
Чиқиндиларни бошқариш соҳасида “Zero Waste Samarkand” тамойили асосида чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш ва полигонларга юбориладиган ҳажмини камайтириш тизими жорий этилади. Ноқонуний чиқинди ташлаш ҳолатларини рақамли хариталаш ва фото-видеофиксаwия қилиш бўйича ахборот тизими ишга туширилади.
Иқлим сиёсати йўналишида Самарқанд шаҳри учун 2030 ва 2035 йилларга мўлжалланган углерод чиқиндиларини қисқартириш мақсадли кўрсаткичлари ҳамда “Carbon Neutral Samarkand” “йўл харитаси” ишлаб чиқилади. Шунингдек, яшил ва иқлим лойиҳаларини молиялаштириш учун “Green Samarkand Climate Finance Facility” платформаси, натижаларни очиқ эълон қилиш ва мониторингини юритиш учун “Green Samarkand Dashboard” рақамли платформаси ишга туширилади.
Туризм ва биохилма-хиллик йўналишида “Яшил Самарқанд” бренди, “Green Hotels Samarkand” рейтинг тизими, “Samarkand City Biodiversity Index” методологияси, “Urban Biodiversity Samarkand” пилот лойиҳаси ва “Биохилма-хилликни асраймиз” кўнгиллилар дастури амалга оширилади. Шу орқали Самарқанд шаҳри экологик туризм, яшил инвестициялар ва барқарор шаҳарсозлик ечимлари марказига айлантирилади.
Умуман, лойиҳа доирасида Самарқандни “Марказий Осиёнинг яшил инвестициялар ва инновациялар пойтахти” сифатида шакллантириш учун ташкилий, молиявий ва амалий асослар яратилади.