Яширин цех фош бўлди

Жомбой тумани давлат солиқ инспекция штабида сектор раҳбарларининг 2020 йил 28 февралдаги қўшма фармойишига асосан ташкил этилган ишчи гуруҳ фаолият юритмоқда. Жойларда қонуний рўйхатдан ўтмай иш бошлаган тадбиркорлик субъектларини расмий огоҳлантириш, уларнинг фаолиятини қонунийлаштириш бўйича амалий ишлар давом этмоқда. Бундан кўзланган мақсад, солиққа тортиш самарадорлигини ошириш, маҳаллий бюджетга қўшимча манбалар йўналтиришдан иборат.

Бугун солиққа тўланган маблағ эртага фарзандларимиз учун боғча, мактаб қурилиши, янги тиббиёт масканлари, спорт мажмуалари бунёд этилишига ишлатилади. Аммо ўтказилган хатлов давомида ноқонуний фаолият турлари ҳам аниқланмоқдаки, кишини ташвишга солади. Аслида инсофли тадбиркор ўзини ҳам, халқни ҳам ўйлаб иш тутиши керак.

Туманимизда рўйхатдан ўтган “Ветонит” масъулияти чекланган жамияти ишни қонуний ташкил этган. Аммо ҳужжатларда кўрсатилган юридик манзилидан бошқа ҳудудда суюқ обой қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган яширин цех очганини қандай изоҳлаш керак?

Шунингдек, “Акрам омад сервис” хусусий корхонаси томонидан 0,22 гектар майдон ноқонуний эгаллаб олингани, ходимларни меҳнат қонунчилигига зид равишда норасмий ишга жалб этгани ойдинлашди.

Тадбиркорлик субъектлари расман огоҳлантирилди. Келгусида бу каби ҳолатлар аниқланганда ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилиши белгиланди.