Ёз жуда иссиқ бошланди, дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати +46 даражага кўтарилади

Кейинги кунларда мамлакат ҳудуди бўйича ёз фаслининг боши учун меъёрий қийматлардан 7-10 даражага юқори бўлган аномал иссиқ об-ҳаво кузатилмоқда. Бу ҳодиса Эрон ҳудудларидан қуруқ ва иссиқ ҳаво кириб келиши билан боғлиқ.

Дам олиш кунларида иссиқ яна кучаяди, кундуз кунлари ҳаво ҳарорати 40-43 даража иссиққача, жанубда ва чўл ҳудудларида баъзи жойларда 44-46 даража иссиққача исийди. Кечалари эса 22-27 даража иссиқ атрофида, республиканинг чўл ҳудудларида баъзи жойларда 30 даража иссиққача бўлади.

Республикамиз ҳудудининг катта қисмида бу ёзнинг энг иссиқ бошланишидир. Масалан, Тошкентда ушбу йилгача июн ойининг биринчи ҳафтасида ҳароратнинг мутлақ (абсолют) максимуми 37-39 даражадан юқори бўлмаган.

Дам олиш кунлари республика бўйича шамол баъзи жойларда чангли бўрон билан 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

“Ҳурматли мамлакатимиз аҳолиси ва меҳмонлари. Шунга эътибор берингки, ҳаво ҳарорати 2 метр баландликда ва сояда ўлчанади. Дам олиш кунлари айрим тоғли ҳудудларда кечга томон конвектив булутлилик ривожланишида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор”, дейилган "Ўзгидромет" хабарида.