Ёзувдаги хатоликларга қарши курашилмаса, миллат келажаги хавф остида қолади

Расул Ҳамзатов “Она тилим” шеърида миллатининг тилини “жонимга масиҳдир”, деб эътироф этганди. Ўлган танага жон бахш этгувчи мўъжиза – тил эди. Дарҳақиқат, миллатнинг миллат бўлиб шаклланишида тил муҳим аҳамият касб этади. Унинг оҳанги, жилолари биз ҳали бешикдалигимиздаёқ онамиз алласи билан қулоғимизга сингади, қалбимизга кириб боради.
Эътибор берганмисиз, юзлаб турли тилларда сўзлашувчи одамлар орасида, қанчалик шовқин бўлмасин, агарда кимдир сизнинг тилингизда гапираётган бўлса, сиз шуни эшитасиз. Беихтиёр уни қидиришга тушасиз. Миллат тилининг – она тилининг ана шундай сеҳри бор.
Бир қарасам ҳар шевангда минг жилолар,
Ҳар новдангда, ҳар мевангда минг жилолар. (Муҳаммад Юсуф)
Дунёда мавжуд минглаб тиллар ичида ўзбек тили – бизнинг миллий тилимиз, борлиғимиз ва борлигимизни кўрсатиб турувчи асосий бойлигимиздир. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига бу йил 31 йил тўлди. Шунча муддат ичида бу соҳада жуда кўплаб ишлар амалга оширилди ва бу ҳали ҳам давом этмоқда. Негаки, биз ҳали мамлакатда тил борасидаги сиёсатимизни такомиллаштиришимиз, ўзбек тилини ривожлантиришимиз, таъбир жоиз бўлса, уни ўзлигимизга айлантиришимиз учун изчил ва таъсирчан чоралар амалга оширилиши лозим.
Она тилига ҳурмат кўрсатиш, унга эътиборли бўлиш орқали миллатимизнинг келажагига эътибор қилган бўламиз. Бугунги кунда аксарият кишилар, айниқса, ёшлар ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланади. Тармоқлардаги ёзишмаларга, СМС хабарларга эътибор берсак, хунук манзараларнинг гувоҳига айланамиз. Яъни, лотин ёзувида “sh” ўрнига “w”, “ch” ўрнига “4”, “o‘” ўрнига “6” каби алмаштиришлар, жуда кўп имловий хатоликлар билан ёзиш ҳолатлари она тилини ҳурмат қиладиган ҳар қандай кишининг дилини хира қилади. Кўчаларда ёки бинолар пештоқларида ўрнатилган рекламалар эса алоҳида масала. Aгарда бу каби ҳолатларга ҳозир, айни дамдан курашилмаса, тўғри тушунтирилмаса, миллат келажаги хавф остида қолади. Чунки ёш авлод хатоликларни кўриб, шундай бўлар экан деган, хулоса билан ўсади.
Давлат раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида маъруза қилгани жуда ёрқин ҳодиса бўлди ва бу она тилимизнинг нуфузини жаҳон ҳамжамияти олдида юксалтирди.
“Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонининг қабул қилиниши ва унга мувофиқ, 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда асосий йўналишларининг тасдиқланиши она тилимизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Зафар КАРИМОВ,
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилояти бўлинмаси раҳбари, вилоят ҳокими маслаҳатчиси.