Самарқандда “INFOLIB UZBEKISTAN – 2025” ҳафталиги бошланди
Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида “INFOLIB UZBEKISTAN – 2025” XIV Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов иштирок этиб, китоб мутолааси ва кутубхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиликлар ҳақида фикр билдирди.

Ҳафталик доирасида ахборот-кутубхона фаолиятига оид илғор тажрибалар алмашинуви, замонавий кутубхона технологияларига бағишланган семинарлар, ёш мутахассислар иштирокидаги ижодий учрашувлар ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

“INFOLIB UZBEKISTAN – 2025” ҳафталиги нафақат кутубхоначилар учун, балки китобсеварлар, ёшлар ва ижод аҳли учун ҳам янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бу тадбирлар орқали жамиятда китобга муҳаббат, маърифатга интилиш ва илмий салоҳиятни ошириш йўлида муҳим қадамлар қўйилмоқда.